Саксония — Олмония ери (федератив бирлик). Мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида, Чехия билан чегарадош. С ҳудудидан Элба дарёси оқиб ўтади. Майдони 18,4 минг км². Аҳолиси 4,38 млн. киши (2001). Маъмурий маркази — Дрезден шаҳри.

Саксония ГФР ери сифатида янги ташкил қилинган бўлсада, узоқ тарихга эга. Қадимда у тарихий вилоят бўлган. Х асрда тузилган Мейсен маркази Саксониянинг негизи бўлган. 1806-йилдан қироллик. 1918-йилда Саксонияда қироллик ағдарилиб, республика эълон қилинди. Иккинчи жаҳон урушига қадар С ҳудудида жойлашган Дрезден, Лейпсиг ва Хемниц ш.лари мамлакатнинг индустрия марказлари бўлган. 1952-йилда ҳудуд ГДР таркибидаги бир неча округга бўлинган. 1990-йилда ушбу округлар ер сифатида бирлашиб ГФР таркибига кирди. Саксония — Олмониянинг аҳоли энг зич жойлашган ва саноати ривожланган ерларидан. Етакчи саноат тармоғи — машинасозлик (хусусан, автомобилсозлик, радиоэлектроника ва электротехника саноатлари), тўқимачилик саноати учун машина ва станоклар, совиткич ва фотоаппаратлар ишлаб чиқарилади. Кимё, полиграфия, тўқимачилик, тикувчилик саноати корхоналари бор. Дрезден ш. туризм марказларидан (йилига 5 млн. сайёҳ келибкетади). Лейпсигда қадимдан ноширлик иши ривожланган. Бу ерда ҳар йили халқаро китоблар ярмаркаси ўтказилади[1].

Саксония ёки Сачсен (талаффузи: захсен) Олмониядаги ерларнинг биридир.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил