Salim Posho
Ҳожи Салим Қўшчибошизода Самибей (Салим Пошо) — (?—1927) — туркиялик йирик саркарда. Жамоат ва сиёсат арбоби. Бухоро ва Туркистонда Салим Пошо номи билан машҳур бўлган[1].
| Салим Пошо | |
|---|---|
Ҳожи Салим Қўшчибошизода Самибей | |
| Туркистон ва Бухоро истиқлолчиларининг Олий бош қўмондони | |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди | Шарқий Бухоро |
| Вафоти | 1927-йил |
Қўрбошилик фаолияти
Салим Пошо Анатолияда таваллуд топган. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов айрим адабиётларга асосланиб, уни Кавказда туғилганлигини ёзган. Келиб чиқиши эса черкесларга бориб тақалади. У фаолияти давомида „Иттиҳод ва тараққий“ партиясининг вакилларидан бири. 1910—1914-йил Болқонда бўлиб ўтган сиёсий жараёнларда фаол қатнашган. Турк армияси полковники сифатида ҳам ишлаган. Исломчилик ва туркчилик ғояларининг изчил давомчилардан бири бўлган. 1916-йилда Салим Пошо Қошғар орқали Туркистон генерал-губернаторлигидаги Еттисув вилоятига келиб, қозоқ ва қирғизларнинг Россия империясига қарши кўтарилган қўзғолонни ташкил қилишда муҳим рол ўйнаган. Қўзғолон тугагач, у 1920-йилгача Шанхайда бўлади. 1922-йил Самибей ҳарбий саркарда Анвар Пошонинг яқин ёрдамчиси сифатида Россия, Германия ва Бухородаги сафарларида бирга бўлган. 1922-йил Кобулда бўлиб ўтган туркистонлик муҳожирларнинг катта қурултойида ҳалок бўлган Анвар Пошонинг ўрнига Салим Пошо Туркистон ва Бухоро истиқлолчиларининг Олий бош қўмондони қилиб тайинланган ва унга генерал (пошо) унвони берилган. 1922-йил 25-августда Абдулҳамид Орипов ва Салим Пошо Афғонистондан Шарқий Бухорога жўнаб кетади. Салим Пошо Ўрта Бухоро ва Шарқий Бухорода истиқлолчилар қўшини ўртасида темир ҳарбий интизом ўрнатишга ҳаракат қилди. 1922-йил ноябр ойи охирларида Салим Пошо буйруғи билан Тавилдарада Дарвоз беги Эшон Султон ва унинг укаси Эшон Сулаймон совет ҳокимиятига ён босганлик учун ўлдирилади. 1923-йил ўрталаригача Салим Пошо қизил армияга қарши кураш олиб боради. 1923-йил 15-юлда Салим Пошо Панж дарёсидаги Хирмонжой кечувидан Афғонистон томонга ўтиб кетган. Салим Пошо измир яқинидаги Бўзтоғда Туркия чегарасини кесиб ўтаётган патда 1927-йил 27-августда отишма натижасида вафот этади[2].