Salohiddin Muftizoda
Бу мақола викилаштирилиши керак. |
Салоҳиддин Муфтизода (1886, Тошкент- н) – ўзбек журналисти, таржимон ва жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири.
Таржимаи ҳоли
| Салоҳиддин Муфтизода | |
|---|---|
| Таваллуди | 1886 й |
| Вафоти | Нома'лум |
| Фуқаролиги | Чор Россияси-ЎзССР |
| Касби | журналист, ҳунарманд |
Салоҳиддин Муфтизоданинг отаси муфти Абдумўмин (1918-йилда вафот этган) мадраса мудариси, билимдон ва ҳалол инсон эди. Шу сабабдан у қозихона муфтиси ва Тарновбоши маҳалласида ер ўлчовчилик ҳам қилган. Салоҳҳидин эски мактабни тугатгач, рус-тузем мактабида рус тилини мукаммал ўрганади. У 1900-1905-йилларда мадрасада ўқиш даврида Валихожа Маликов дўконида, сўнг икки йил Граммафон жамиятида ишлади.
С. Муфтизода Тошкент уламоларидан Зокир шайх Тиллашайх о’г’ли, Са’дийнинг „Гулистон“ини ўзбекчага таржима қилган Муродхо’жа Солихо’жаев, биринчи ўзбек профессионал шахматчиси Азмуддинхон Хо’жаев, Башруллохон Асадуллахо’жаев, тилшунос олим Фахри Камол каби инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлган[1].
Фаолияти
С.Муфтизода дастлаб, 1916-1917-йилларда Тошкентда таъсис этилган “Уламо жамияти”га аъзо бўлади. У 1917-йилдан “Турон” жамиятига кириб, Мунавварқори Абдурашидхонов, Салимхон Тиллахонов каби жадид етакчилари билан бирга курашади.
Салоҳиддин Муфтизода 1917-йил ноябр ойида бир гуруҳ тараққийпарвар ёшлар қаторида Қўқонга бориб, Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига киради ва унинг матбуот хизматида фаолият кўрсата бошлайди. Мухторият тор-мор этилгач, у болшевикпар таъқибидан Сибирга қочади ва бир муддат Томск шаҳрида яшайди. Салоҳиддин Муфтизода 1919-йил ғала-ғовурлари пайтида Тошкентга келиб, ВКП(б)га аъзо бўлади ва 1925-йилгача совет давлати идораларида ишлади. У дастлаб Тошкент шаҳар Халқ таълими бўлимида бошлиқ, сўнг Ўзбекистон ССР Халқ хўжалиги Комиссарлигида ўринбосар каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатади.
Салоҳиддин Муфтизода 1921-йилдан "Миллий Иттиҳод" ташкилотига кирган ва унинг фаолларидан бўлган. 1925-йилдан болшевиклар Тошкент шаҳрида янги йўл қурилиши баҳонаси билан халқимизнинг қатор табаррук қадамжоларини, қабристонларни бузиб юбора бошлади. С.Муфтизода халқнинг миллий қадриятларига нисбатан бундай беписанд муносабатга чидаб тура олмади. У Тошкент уламолари билан шўро маъмурларининг бундай ножоиз хатти-ҳаракатларига қарши намойишлар ташкил этади. Бу эса советларнинг С.Муфтизодага қарши жиддий ҳужумига баҳона бўлади. Ҳатто, „Муштум“ журналида аввалига карикатура, сўнг Ғ.Юнуснинг „Азозил ва Иблис“ деб номланган буюртма мақоласи босилди.
Қатағон йиллари
Шундан сўнг Салоҳиддин Муфтизода партиядан ўчирилиб, унинг учун кўпгина эшиклар бекила бошлади. У бор обрў ва мансабидан айрилиб ишсиз қолдирилди. Шундай бир шароитда у ўзининг бўш вақтини таржима ишига бағишлаб, бир қатор асарларни ўзбек тилига ўгирди5. Бироқ, бу ҳам узоққа чўзилмади. 1932-йил 25-ноябрда уни ГПУ ходимлари сўнгги иш жойи ЎзССР давлат кино бошқармасида таржимон бўлиб ишлаб юрган вақтида қамоққа оладилар. С.Муфтизодага ЎзССР ЖКнинг 57-10 ҳамда 58-10 моддалари, яъни совет давлатига қарши тарғибот олиб бориш айби қўйилади[2].
1933-йил 4-майда ўтказилган ОГПУ судида С.Муфтизода ўзига қўйилган айбларнинг барчасини асосли рад этгач, отув ҳукмини 10 йил қамоқ жазосига алмаштиришади. У жазо муддатини тўлиқ КарЛаг (Карело-Фин АССР)да ўтаб, 1942-йил Тошкентга қайтади. С.Муфтизода 1942-1946-йиллар Тошкентда яшайди, бироқ 1946-йил унга Тошкентда яшаш учун рухсат йўқлигини маълум қилишади. Салоҳиддин Муфтизода 1946-йил февралдан Бўстонлиқ туманига кўчиб ўтади. У ерда кутубхоначи бўлиб тинч эмин ҳаёт кечира бошлаган онда, изидан яна „кимлардир“ тушади. Уларнинг „шарофати“ билан 1948 йилнинг охирида С.Муфтизода ишидан ҳайдалади ва унга яна ҳеч жойда иш беришмайдилар. 1949-йил 8-март куни Бўстонлиқ тумани, Искандар посёлкаси, Пекарная кўчаси 8-уйда яшаётган Салоҳиддин Муфтизодани яна қамоққа олишга қарор қиладилар. Унга Совет ҳукуматига қарши тарғибот олиб борганлик, яъни „СССР энди АҚСҲ, Англиялар билан урушади ва бу урушда ютқазади“, деб айтган сўзлари асос қилиб кўрсатилади. 1949-йил 11-март куни тўлдирилган шахсий анкетасидан унинг хотини ҳали энг каттаси 10 ёшга ҳам тўлмаган 3 фарзанд билан қолиб кетгани англашилади. Ўтказилган тинтув вақтида унинг 1-УСҲ № 500993 рақамли паспорти, оила аъзоларига тегишли 4 дона сурат ва 20 та ҳужжат олинган ва улар 1949-йил 7-май куни махсус қарор асосида ёқиш йўли билан ёқотилади.
1949-йил 21-мартдан сўроқ мавзуси ўзгаради ва унинг қанақадир аксилсовет тарғибот олиб борганини муҳокама қила бошлайдилар. Шундан сўнг 1949-йил 25-март, 30-март, 2-апрел ва 10-апрел кунларда ўтказилган сўроқ баённомалари ҳам унинг аксилсовет ташвиқоти масаласига бағишланди. Бироқ С.Муфтизода ўзига қўйилган айбларни асосли ва ишончли тарзда тўлалигича рад этади.
1949-йил 9-майда Салоҳиддин Муфтизода учун Айблов баённомаси эълон қилинди. Судда Садриддин Камолов, Сара Муталова, Рашид Исломов, Фатхулла Ибрагимов, Абдували Расулмуҳаммедов ва Шоабдукарим Шоабдурасуловлар иштирок этадилар. Бироқ, судда айблов ўз исботини топмади. 1949-йил 19-20-август кунлари Бўстонлиқ туман, Гўзалкент қўрғонида бўлган қайта суд С.Муфтизодани ЎзССР ЖКнинг 58-10 И қисмига асосан яна бир бор 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этади. Ҳукм 1949-йил 8 мартдан ҳисобланиб, 1959-йил 8-мартгача ижрода бўлиши буюрилди.
1954-йил 20-октябрда С.Муфтизоданинг Қозоғистон ССР бош прокурорига, 1956-йил 25-сентябрда СССР КГБ раисига ёзган аризалари асосида унинг иши қайта кўриб чиқишга тортилди. 1978-йил 6-январга келибгина ҚозССР Олий Судининг Салоҳиддин Муфтизодани тўлиқ оқлаш тўғрисидаги қарори унинг ўғли Муҳаммедов Ҳамидга юборилади. 1992-йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди С.Муфтизоданинг оқланганлигини тан олди ва маълумотномани Юнусобод массив, 4-квартал, 13-уй, 2-хонадонда истиқомат қилувчи ўғли Муҳаммедов Ҳамид Абдуллаевичга йўллайди.