SamKochAvto


СамКочАвто — Самарқанд шаҳрида жойлашган автомобилсозлик саноати корхонаси. „ЎзАвтоСаноат“ уюшмаси таркибига киради. „ЎзАвтоСаноат“ ва Туркиянинг „Коч холдинг А.Ш.“ компаниясининг ҳамкорлигида ташкил этилган. Ўрта ҳажмли автобуслар ва юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий муносабатлар асосида қўшма корхонани қуриш тўғрисида 1995-йилда битим, 1996-йилда таъсис ҳужжатлари имзоланди. Корхона қурилишини молиялаштиришда Ўзбекистон Республикаси (50 %), Туркия томонидан „КочАвтоинвест ЛТД“ (40 %), „РамДиш тижарет А.Ш.“ (5 %), „Коч холдинг А.Ш.“ (5 %), компаниялари қатнашган. 1999-йилнинг март ойида заводнинг дастлабки маҳсулотлари — шаҳар ичида ва шаҳарлараро йўловчи ташишга мўлжалланган ўрта ҳажмли автобуслар, ишлаб чиқарилди. 2000-йилдан 2 тоннадан 5 тоннагача юк кўтарадиган машиналар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2002-йилда шаҳарлараро йўловчи ташувчи турбодизелли двигател ўрнатилган автобуслар ва 10 тонна юк кўтарадиган юк машиналари ишлаб чиқарила бошлади. 2002-йилда, шунингдек, ўт ўчириш, ассенизацион, эвакуатор, ёқилғи, ичимлик сув, чиқинди, нон ва нон маҳсулотлари ташувчи махсус автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2003-йилда шаҳар ичида 50 йўловчи ташишга мўлжалланган автобус, 20 тонна юк кўтарадиган „Форд“ русумли юк машинаси ишлаб чиқариш бошланди. Корхонада Япония, Олмония, Италия, Буюк Британия ва Туркияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологик ускуналар ўрнатилган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини камайтириш, уларнинг бутловчи ва эҳтиёж қисмларини маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Корхонада 2002-йилда 414 та автомобил ишлаб чиқарилди. Ҳозир ИСУЗУ, САЗ НП 37, САЗ ЛЕ-60 моделларидаги автобус ва юк машиналари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотлари Ўзбекистон ички бозорида сотилади, шунингдек, Россия, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинади. Экспорт салмоғини ошириш мақсадларида шу давлатларда корхонанинг ваколатхоналари очилган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Иқтисодиёт ва молияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
- Oʻzbekistonning avtomobilsozlik kompaniyalari va korxonalari
- Avtomobillar
- Yuk mashinalari ishlab chiqaruvchilar
- Avtobus ishlab chiqaruvchilar
- Avtomobil kompaniyalari
- Samarqanddagi kompaniyalar
- Oʻzbekiston yuk avtomobillari ishlab chiqaruvchi zavodlari
- Oʻzbekiston avtobus ishlab chiqaruvchi zavodlari
- Avtomobil ishlab chiqaruvchilar
- Oʻzbekiston avtomobillari
- Iqtisodiyotga oid chala maqolalar