Samarqand jangi
Самарқанд жанги – Умавийлар халифалиги ҳамда Самарқанддаги Сўғд ҳукмдори ўртасида кечган ҳарбий тўқнашув. Жангда Умавийлар ғалаба қозонган ва Самарқанд тўлиқ эгаллаб олинган.
| Самарқанд жанги | |||||||||
|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|
| |||||||||
| Қўмондонлар | |||||||||
Умавийлар халифалиги
|
Сўғдий шаҳар-давлатлар Тошкент Сўғд ихшидлари Иккинчи Турк хоқонлиги
| ||||||||
| Кучлар | |||||||||
| 20 000 | номаълум | ||||||||
Тарихи
Умавийлар 709-йилда Бухорони босиб олганидан кейин саркарда Қутайба ибн Муслим укаси Абдураҳмонни Самарқанд томон юборди. Самарқанднинг сўғдий ҳукмдори Тархун улар билан илгари келишилган тарзда хирож тўлашга рози бўлди. Умавийлар Самарқандни босиб олмаслиги эвазига Тархун улар билан тинчлик сулҳини тузди[1][2]. Бироқ Самарқанд савдогарлари ва зодагонлари Тархуннинг заифлиги ҳамда унинг Умавийларга хирож тўлашидан норози эдилар ва шу сабабли унга қарши фитна уюштириб, Ғурак исмли кишини янги ҳукмдор сифатида танладилар. Натижада, Тархун тахтдан ағдарилди ва кейинчалик ўз жонига қасд қилди[3][4]. Тархуннинг ўлими Умавийларни қасос олишга ундади. Бироқ улар бундан аввал, яъни 711-йилда Систон ҳукмдори Зунбил, 712-йилда эса унинг укаси Азкажвар ИИ томонидан кўтарилган исённи бостиришлари лозим эди[5][6].
Жанг
Орадан бироз вақт ўтгач, Умавийлар 712-йилда Самарқанд томон юриш бошлади. Ўша даврда Самарқанд Сўғддаги энг йирик ва қудратли шаҳар бўлиб, амалда бутун минтақанинг пойтахти саналарди[7]. Қутайба ибн Муслим укаси Абдураҳмон билан биргаликда 20 000 кишилик қўшин билан йўлга чиқди. Бу қўшин, асосан, Бухоро ва Хоразмдан ёлланган аскарлардан иборат эди. Самарқанд ҳукмдори Ғурак душманга қаттиқ қаршилик кўрсатишга қарор қилди. Мовороуннаҳрдаги бошқа ҳукмдорларига, шу жумладан, Тошкент ҳукмдори ва Фарғона ихшидига мурожаат қилиб, улардан ёрдам сўради. Ҳукмдорлар Ғуракка ёрдам бермаган тақдирда, бутун минтақа Умавийлар босқинига дуч келиши борасида уларни огоҳлантирди. Ғуракнинг чақирувига жавобан икки ҳукмдор ҳам катта қўшин билан Самарқандга ёрдамга етиб келди[8][9][10].
Тошкент ва Фарғона қўшини тунда мусулмонларга тўсатдан ҳужум қилишга уринди. Бироқ Қутайба уларнинг режасидан хабар топди ва укаси Солиҳ бошчилигидаги кичик бир қўшинни уларга тунда ҳужум уюштириш учун юборди. Тунги жанг ниҳоятда шиддатли тарзда ўтди. Мовороуннаҳр иттифоқчилари яхши жанг қилдилар, аммо якунда мағлубиятга учрадилар. Кўплаб аскарлар ҳалок бўлди, бир қисми эса асирга олинди. Мусулмонлар катта миқдорда қурол-яроғ ва отларни қўлга киритдилар. Қутайба ушбу жангда ғалаба қозонган кичик қўшинга ўлжа сифатида рақибдан ундирилган бойликларни бутун қўшин билан бўлишмасдан ўзларида олиб қолишларига рухсат берди[11][12][13].
Мовороуннаҳр қўшинининг мағлубияти Самарқанд сўғдийларини руҳан тушкунликка тушириб қўйди. Қутайба шаҳарга узлуксиз ҳужум қилиб, уни доимий таҳликада ушлаб турарди. Натижада, шаҳар деворлари дарз кетди. Мусулмонлар ҳал қилувчи ҳужумга тайёрланаётган пайтда самарқандликлар улардан тинчлик ўрнатилишини сўраб мурожаат қилишди[14][15][16].
Оқибати
Қутайба Самарқандга укаси Абдураҳмон бошчилигида 4 000 кишилик ққўшинни жойлаштирди. Ғурак Сўғд ҳукмдори бўлиб қолган бўлса-да, унинг янги пойтахти Иштихон шаҳри этиб белгиланди. Самарқанд эса мусулмонлар истиқомат қиладиган стратегик марказга айлантирилди[17][18]. Қутайба шаҳардаги олов (оташ) ибодатхоналарини олиб ташлашни буюрди ва уларнинг ўрнига масжид қурдирилди. У, шунингдек, Самарқанддаги бутларни ҳам йўқ қилишни амр этди. Мусулмон бўлмаганларга шаҳарга киришга рухсат берилган бўлса-да, улар махсус лойдан ясалган муҳр (белги)ни қўлларида олиб юришлари шарт эди[19].
Манбалар
- ↑ Гибб, Ҳ. А. Р, п. 41
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 263
- ↑ Гибб, Ҳ. А. Р, п. 42
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 267
- ↑ Гибб, Ҳ. А. Р, п. 42-43
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 267-268
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 268
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 269
- ↑ Гибб, Ҳ. А. Р, п. 44
- ↑ Перcй Сйкес, п. 163
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 269
- ↑ Гибб, Ҳ. А. Р, п. 44
- ↑ Перcй Сйкес, п. 163
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 269-270
- ↑ Гибб, Ҳ. А. Р, п. 44
- ↑ Перcй Сйкес, п. 163
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 270
- ↑ Перcй Сйкес, п. 163
- ↑ Ҳугҳ Кеннедй, п. 270