Самарқанд кимё заводи - кимё саноатининг йирик корхоналаридан бири. "Ўзкимёсаноат" давлатаксиядорлик компанияси таркибига киради. Аммофос, оддий суперфосфат, бойитилган суперфосфат ва бошқа фосфорли ўғитлар, сулфат кислота ишлаб чиқаради. Самарқанд шаҳридан 12 км ғарбда, Кимёгарлар шаҳарчасида жойлашган. Дастлаб "Самарқанд суперфосфат заводи" номи билан корхона курилиши 1950-йилда бошланган. 1980-йилдан ҳозирги номда. 1954-йилда сулфат кислота сехи, 1955-йилда суперфосфат сехи ишга туширилган. Оддий суперфосфат, аммонийлашган суперфосфат, техникада қўлланиладиган сулфат кислота, техник кислород, рўзғорбоп кимёвий маҳсулотлар и.ч. ўзлаштирилган. 3д 1965-йилда реконструксия қилиниб, и.ч. қувватлари 2 марта оширилди. 1975-йилда йирик сулфат кислота сехи фойдаланишга топширилди, 1978-йилдан жаҳон тажрибасида биринчи марта таркибида 24,5% Р2О5 бўлган паст навли Қоратов (Қозоғистон) фосфоритини қайта ишлашга ўтди. 1979-йилда заводнинг 2навбати қурилди, йиллик қуввати 450 минг т моногидрат бўлган сулфат кислота сехи, 136,4 минг т экстраксион фосфор кислота ишлаб чиқарадиган фосфор кислота сехи ишга туширилди. Заводнинг аммофос и.ч. бўйича 3навбати 1982—84 йилларда қурилиб, 3экстраксион фосфор кислота сехи фойдаланишга топширилди. 1994-йилдан заводда аммоний сулфат ўғитини и.ч. ўзлаштирилди. Корхонанинг диаммонийфосфат ўғити бўйича йиллик қувватини 200 минг т га етказиш учун қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда. Йилига 500 минг т сулфат кислота, аммофос ва бошқа ўғитлар и.ч. қувватларига эга (2003). Корхона маҳаллий хом ашё базасида ишлашга ўтказилган. Корхонада ишлаб чиқарилган ўғитлар Хитой, Эрон, Туркманистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил