Сандал дарахти, сантал дарахти (Санталум албум.) — маржонўтдошлар оиласига мансуб доим яшил ўсимлик. Бўйи 10 м, айланаси 1–2 м. Сўрувчи органи (гаусторлар) ёрдамида бамбук, шакарқамиш, кокос палмаси каби ўсимликлар илдизига бирикиб, ярим паразитлик қилади (мустақил ўсиши ҳам мумкин). Барги чўзиқ, туксиз, қарамақарши жойлашган. Гуллари майда, дастлаб сариқ, кейин тўқ қизил тусда бўлади. Тўпгули рўваксимон. Меваси бир уруғли ёнғоқ. Малакка ярим ороли, Малайя архипелаги ва Ҳиндихитойда тарқалган. Жанубий Ҳиндистоннинг тропик қисмида ўстирилади. Поя ва илдизида атирупа саноатида ишлатиладиган 3—6% эфир мойлари бор. Ёғочи ҳар хил мақсадларда ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил