Санга (нем. Занге) — силиндрик ёки призматик шаклдаги деталларни қисиб қўйиш учун мўлжалланган мослама. Пружиналанувчан (қисилиб-кенгаювчан) қисми қирқма втулкадан иборат. Металл кесиш ёки ёғочга ишлов бериш станокларида қисувчи патрон сифатида, ўзаги (графити) қисиб қўйиладиган қаламларда ишлатилади. С.нинг бир томонлама ва икки томонлама турлари бор. С. каллак, ўрта кием, пружиналанувчи қисм ва йўналтирувчи қисмлардан иборат. Каллак томонида қисиш кулачокларини иккига ажратиб турувчи ўйиғи бўлади. Детални С.га ташқи ёки ички сиртидан қисиб қўйиш мумкин. Детални С.га қисиб қўйиш учун конуссимон қисмининг ташқи ёки ички сиртига ўқ томонга йўналган куч таъсир эттириш лозим. С. металл (станокларда) ёки пластмасса (қаламларда) дан ясалади.