Sangijumon
Сангижумон- Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жойлашган қишлоқ. Аслида, Сангижумон тош номи бўлиб, қишоқ ва маҳалла номи шундан келиб чиққан. Тожикчада санг- тош, жумон- қимирловчи, силкинувчи, тебранувчи тош деган маънони билдиради. Тошнинг оғирлиги 280 тоннадан ошади. Ҳажми эса 75-78 кубдир. Баландлиги қарийб 6 метр. Ёши эса 250 дан 280 миллион йилгача бўлган оралиқда. Тош жарлик ёқасида жойлашган, лекин қимирласа ҳам пастга тушиб кетмайди. Мўжизавий томони шундаки, тошни 10-12 ёшли бола ҳам бемалол қимирлата олади. Манзилгоҳда қимирлайдиган тошдан ташқари яна кўплаб ғайриоддий тошлар мавжуд. Улардан бири Тешиктош ҳисобланади. Бу улкан тошда кичкина, битта одам сиғадиган тешик бўлиб, манзилгоҳга ташриф буюрувчилар ундан ният қилиб ўтишади. Тешик ҳам йилдан йилга емирилиб бормоқда. Кимда ким гуноҳи кам бўлса, бу тешикдан бемалол ўтиб кетади. Агар гуноҳи кўп бўлса, тош уни сиқиб қўяди, деган афсона гаплар юради маҳаллий аҳоли ўртасида. Қишлоқ жойлашган Нурота тоғ тизмасининг Оқтов ёнбағирлари бепоён кенгликлардан иборат. Йилига юздан зиёд маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар ташриф буюради. Айниқса, баҳор фаслида тоғ ёнбағирларида дам олувчилар сони мингдан ортиқ бўлади. Қишлоқда зиёратчилар учун дам олиш масканлари ташкил қилинган. Ташриф буюрувчиларга маҳаллий аҳоли бўлган махсус гид зиёратгоҳ ҳақида батафсил маълумот беради. Бу манзилгоҳда яна бошқа оддий улкан тошлар, ният тоши, муқаддас дарахт ва булоқ ҳам мавжуд. Сангижумон қишлоғига бориш учун йўлга махсус белгилар ҳам ўрнатилган. Топиб бориш қийинчилик туғдирмайди. Бетакрор табиат, тоза ҳаво, ташриф буюришга арзирли қишлоқ доим туристларни ўзига жалб қила олади.[1][2][3][4]
Манбалар
- ↑ „сангижумон“.
- ↑ „Ноёб тебранувчи тош“.
- ↑ „бебаҳо бойлик“. 2022-йил 5-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 9-ноябр.
- ↑ „Навоий вилоятидаги абадий тебранувчи тош ҳақида“.