САНИТАРИЙА (лот. санитас — соғлиқ) — атроф муҳитни соғломлаштиришга қаратилган амалий тадбирлар мажмуи. Эпидемияга қарши ҳамда С гигиенага оид талаб ва меъёрларни ишлаб чиқади ва амалга татбиқ этади. Турар жой, саноат, озиқ-овқат санитарияси фарқ қилинади.

С.нинг и.ч. ва меҳнат бўлими қулай ҳамда хавфсиз меҳнат шароитини яратиш учун С. соғломлаштириш тадбирлари комплексини амалга оширади. Санитария корхоналари ва турар жоймаиший хоналарни гигиена талабларига кўра озода сақлаш, ҳавосини алмаштириб туриш, ёритиш, иситиш (макроиқлим) меъёрларига мослиги масалалари билан шуғулланади.

С.нинг турар жой, коммунал бўлими аҳоли пунктларини режалаштириш, қуриш, кўкаламзорлаштириш, сув таъминоти, чиқиндилардан тозалаш ва канализация, турар жой ва умумий фойдаланиш объектлари (ҳаммомлар, умумий яшаш жойлари, сартарошхоналар ва дам олишсоғломлаштириш масканлари)ни назорат қилиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза этиш, транспорт ва и.ч. шовқинларига қарши курашиш масалаларини ўз ичига олади.

С.нинг озиқ-овқат бўлими озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлаш корхоналари ҳамда тегишли савдо ташкилотлари, шунингдек, ушбу обектлардаги ходимлар саломатлиги устидан назорат ўрнатади. Рационал овқатланиш усулларини амалиётга киритади. Озиқ-овқат токсикоинфексияси ва интоксикациясидан огоҳлантиради.

С.нинг радиацион гигиена бўлими радиация хавфсизлигини назорат қилишни таъминлаш масалаларини ўрганади ва тадбирлар ишлаб чиқади.

С.нинг мактаб гигиенаси бўлими болалар муассасаларида: мактаблар, болалар ясли боғчалари, лицейлар, коллежлар, санаторий ва дам олиш масканларида мунтазам равишда С. назоратини ўрнатиш ҳамда С.эпидемиология тадбирлари самарадорлигини аниқлаш вазифаларини бажаради.

Ўзбекистонда С. тадбирларини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат санитария эпидемиология назорати департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг шу соҳага ихтисослашган марказлари амалга оширади. С. тадбирларини ўтказиш ва уларни назорат қилиш барча тиббиёт ходимларининг, жумладан, С. врачларининг мажбурияти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг С. қонунлари умумий ва юқумли касалликларни камайтириш ва йўқотиш, турар жой пунктларини режалаштириш С. талаб меъёрларини бажариш, сув ҳавзалари, тупроқ ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга қаратилган кенг миқёсдаги режали соғломлаштириш, эпидемияга қарши санитария тадбирларини назарда тутади ва белгилайди, шунингдек, С. қонунлари муассасалар, қурилишлар, озиқ-овқат объектлари, болалар муассасаларида соғломлаштириш тадбирларини ўтказишни ва озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ хўжалиги эҳтиёж молларини ишлаб чиқиш, сақлаш, ташиш, шунингдек, чегараларнинг санитария муҳофазасини белгилаб беради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил