"САНОАТКОНТЕХНАЗОРАТ" - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги кон саноатида ишларни бехатар олиб бориш, ер ости бойликларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал хом ашёни сарфлашга оид қонунларга, меъёрийтехник, ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширувчи давлат инспексияси. "С." ваколатига кирувчи меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади ва мувофиклаштиради, алоҳида иш турларига рухсатнома беради. Хавфсизлик техникасига доир меъёрий ҳужжатларни тайёрлайди ва тасдиклайди; ҳарбийлаштирилган конқутқариш қисмларига тезкор ва услубий раҳбарлик қилади.

Кумир, конруда ва норуда, фойдали қазилмалар, нефт, газ қазиб олиш ва қайта ишлаш, кимё, металлургия саноатида, геология қидирув ташкилотларида, магистрал нефтгаз қувурлари, и.ч. жараёнида газдан фойдаланиш, портлаш ва ёнғин хавфи бўлган объектларда; ер ости транспорти ва гидротехника иншоотлари қурилишида, портлаш ва ёнғинга хавфли бўлган объектлар қурилиши ва бошқа тармоқларнинг ўта хавфли объектларида хавфсизликни таъминланишини назорат қилади.

"С." Давлат кончилик техника назорати ("Госгортехнадзор") давлат қўмитасининг Ўрта Осиёдаги регионал тармоғи сифатида ташкил этилган (1950). 1953-йилдан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати таркибидаги Давлат қўмитаси, 2000-йил апрелдан агентлик, 2003-йил 9 декабрдан "С." Давлат инспексияси.

Давлат инспексиясида 12 тармоқ, 16 регионал ва ҳудудий инспексия ҳамда 4 мустақил хўжалик фаолият юритади. "С."нинг ривожига Т. Р. Тошмуҳамедов, А. Г. Ахматбоев, Р. Т. Саидов ва бошқа мутахассислар салмоқли ҳисса қўшдилар.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил