Сариқ ширач (лотинча: Эремурус лутеус) — ширачдошлар оиласи, ширач туркумига мансуб кўп йиллик, илдизпояли ўт ўсимлик. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига камёб, эндемик тур сифатида киритилган. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари Ғузор ва Деҳқонобод шаҳарлари орасида, Кўҳитанг тизмаси ҳудудида ўсади[1].

Сариқ ширач
Илмий таснифлашUshbu tasnifni tahrirlash
Олам: Эукариотлар
Тип: Гулли ўсимликлар
Синф: Бир уруғпаллалилар
Туркум: Ширач
Оила: Ширачдошлар
Бинар номи
Эремурус лутеус

Тавсифи

Баландлиги 35-60 см, кўп йиллик, илдизпояли ўт ўсимлик. Илдизпояси қисқа, бўлаклари урчуқсимон ёғонлашган. Барглари оддий, бандсиз, ингичка қалами наштарсимон, эни 4-7 мм. Гуллари шингил тўпгулда йиғилган. Шингили сийрак, кам гулли, узунлиги 20-30 см. Гулолди баргчалари йирик учбурчак наштарсимон, шингилнинг пастки қисмида жойлашган гулларнинг банди гулқўрғонидан 1,5 марта узун. Гуллари ҳидга эга. Ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Гулқўрғони якка томирли, оч сариқ рангда. Чангчилари нотекис жойлашган, гултожибаргларидан қисқароқ. Апрел-май ойларида гуллаб меваси июнда етилади. Меваси — қуруқ, чўзиқ, юзаси силлиқ кўсак мева. Уруғлари ингичка қанотчали. Уруғи ва илдизпоялари орқали кўпаяди.

Тарқалиши ва ўсиш шароити

Табиатда жуда кам турлари сақланиб қолган, якка-якка ҳолатда учрайди. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари Ғузор ва Деҳқонобод шаҳарлари орасида, Кўҳитанг тизмаси ҳудудида тарқалган. Очиқ ола жинсли тупроқларда ва гипсларда ўсади. Ўзига хос тупроқ шароитига мослашганлиги, аҳоли томидан териб олиниши ва чорва молларининг кўплаб боқилиши натижасида ареали қисқариб кетган. 1965—йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника боғида экиб кўрилган, аммо, орадан кўп ўтмай ўсимлик қуриб қолган[2].

Манбалар

  1. ↑ „Ширач жёлтый - Эремурус лутеус Описание таксона - Плантариум“. 2015-йил 12-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 28-апрел.
  2. ↑ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби И жилд, 2019.