Sarukaylar
Сарукайлар – Паштун халқ оғзаки шеъриятининг мураккаб, кўптармоқли, ўзига хос қофияланиш тизими ва ритмик белгилардан ташкил топганлиги билан характерлидир.
Бу шеър тури афғон қабилалари орасида „сарукай“, „нима кǝй“, „сар“, „ữǝкǝй“, „пом“ каби номларда учрайди. Лекин илмий адабиётда кўпроқ „сарукай“ ёки „нимакǝй“ номлари қўлланади.
Сарукай жанрининг хусусиятлари, белгилари, унинг мавзу доираси, вужудга келиши тарихи ҳақидаги бир-бирини қайтарадиган маълумотлар, баҳсли мунозаралар Афғонистон ва Покистондаги паштунларнинг фолклорига бағишланган деярли барча тадқиқотларда учрайди. Жумладан, сарукайларнинг у ёки бу шаклини ритмик ва мазмуний қирраларини тадқиқ этишда Афғонистон ва Покистон фолклоршунослари: Ҳабибулла Раф’и, Абдулкарим Патанг, Алимуҳаммад Мангал, Муҳаммад Навоз Тоир, Муҳаммад Олим Атман, Муҳаммад Ориф Ғарволларнинг изланишлари алоҳида ажралиб туради. Хусусан, Дўст Шинворай ва Ориф Ғарвол ўзларининг паштун халқ оғзаки ижодиёти намуналарини ўрганишга бағишланган китобларида сарукайлар нинг энг муҳим шаклий ва ритмик белгилари, турлари ва баҳсли ўринлари борасида ҳам анча чуқур фикр юритадилар. Лекин ҳозиргача ҳеч бир олим сарукайлар бўйича кенг қамровли, алоҳида тадқиқот олиб бормаган.
1979 йилда халқ орасида яратилган сарукайларнинг кичик бир тўплами Кобулда босилиб чиққан бўлса-да, аммо уларнинг тўлиқ мажмуаси ҳануз чоп этилгани бизга маълум эмас. Халқ севиб куйлайдиган ва ланǎǝйлар каби оммабоп бўлган бу шеър ва қўшиқ турли фолклор асарларга бағишланган рисолалар, ёки мисол сифатида иқтибос қилинган мақолалар орасида босилиб чиққан. Ана шундай, нисбатан тўлароқ тўпламлардан бири „Паштунлар қўшиқлари“ мажмуасидир. Бу тўпламга киритилган сарукайларнинг 200 га яқин намуналари, тўғрироғи, уларнинг бошланғич ёки биринчи 2-3 банди мисол сифатида келтирилади, аммо афсуски, уларда бирон-бир сарукай тўлиқ шаклга эга эмас.
Сарукайлар икки, уч, тўрт ва баъзан беш-олти бандлик шеър бўлиб, унинг бандларидаги мисраларининг сони икки, уч, тўрт, бештагача бориши мумкин. Лекин унинг энг оммавий тури икки ё уч мисралигидир.
Бу шеърнинг муҳим жанрий белгиларидан бири унинг ҳамма шаклида ҳам сар деб аталадиган бошланғич (сарбайт, матлаъ) мисраларга эга бўлиши ва айнан ушбу сар сарукайнинг ҳам шаклий, ҳам мазмуний „кайфиятини“ белгилаб бериши маълум. Сардан кейин шеърнинг асосий бандлари бошланади.
تا بیا په تورو څڼو کښی ګلان ایښی دی ـ لیلا په ما داغونه دهجران ایښی دی
څڼی اوږ دې ښی دی که لنډې ـ لیلا په ما داغونه دهجران ایښی دی
د لنډ و څڼو سودا ګرراغلی يمه ـ تا بیا په تورو څڼو کښی ګلان ایښی دی
لیلا په ما داغونه د هجران اښی دی…
(Қора кокилларингга яна тақдинг гуллар,
Лайло, [бошимга] солдинг ҳижрон доғларин.
Яхшидур кокилнинг узуни ҳам, калтаси ҳам,
Лайло, [бошимга] солдинг ҳижрон доғларин.
Калта кокилларинг савдосига келдим,
Қора кокилларингга яна тақдинг гуллар,
Лайло, [бошимга] солдинг ҳижрон доғларин…)
Дўст Муҳаммад Шинворайнинг айтишича, рақс билан айтиладиган ёки асл сарукайларнинг структур тузилишида яна икки муҳим хусусият бор:
а) ўзининг тузилиши ёки ёзилишида мисралар ёки уларнинг бирон-бир бўлаги ҳам такрорланмайдиган сарукайлар;
б) мисраларнинг тўлиқ ёки уларнинг бирор-бир қисми такрорланадиган сарукайлар.
Икки мисралик сарукайлар аксарият ҳолларда тенг бўғинлик бўлади. Лекин жуда кам ҳолларда мисраларда бўғинлар сони бирида кўпроқ, иккинчисида камроқ бўлиши ҳам мумкин.
Уч мисрали сарукайларда қофияланиш тизими қуйидаги вариантларда учрайди: ааб; баа; аба; ааа. Охириги ааа вариантидаги сарукайларнинг сони жуда кам бўлиб, уларда бўғинлар сони ҳам мисрадан мисрагача камайиб бориш, яъни 13+9+5 бўғинли ҳолатини ҳам кўриш мумкин.
Тўрт мисралик сарукайларда қофияланиш тизими ва мисралардаги бўғинлар сони ранг-баранглиги нуқтаи назаридан ўзига хос бир неча турдадир. Қофияланиши: аааа; ааба; абаб; абба; аббб; аабв ёки умуман тўрттала мисраси ҳам бир-бири билан қофиядош бўлмаган сарукайлар[1].
- ↑ Абдураҳим Маннонов Муталович. АФҒОН ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИЁТИ. Тошкент давлат шарқшунослик университети, 2021.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |