Сатира театри, Абдулла Қаҳҳор номидаги Республика сатира театри – Ўзбекистондаги ягона ҳажв театри. Тошкент шаҳрида жойлашган. 1986-йил „Гап эгасини топади“ дастури билан очилган. „Тобутдан товуш“ (Абдулла Қаҳҳор) театрнинг биринчи спектакли. М.Хўжаев, Х.Саъдиев, Н. Отабоевлар театр ташкилотчиларидир. Т.Содиқов, Л.Саъдуллаев, Г.Саъдуллаева, Ҳ.Мусабоев, Ш. Расулов, Ш. Рўзиохунов, А.Иботулиналар театрнинг биринчи актёрлари. Ҳаётдаги салбий иллатларни, шахслар ҳарактеридаги нуқсон ва камчиликларни фош қилиш ва машаралаш, янгилик ва яхшиликка ундаш театр ижодининг асосий хусусиятидир. „Сабил қодди“ (Ф.Мусажонов), „Жанжал“ (Шукрулло), „Майиз емаган хотин“ (А.Қахдор асари асосида М. Бобоев асари), „Кулол ва қароқчи“ (Меҳмон Бахти), „Афанди ва азроил“ (Ю. Алиев), „Темир хотин“ (Ш. Бошбеков), „Давлат болалари“ (Р.Муҳаммаджонов), „Олтин жўжа саргузаштлари“ (В.Орлов), „Қовурилган ўрдак парвози“ (Тафук ал Ҳаким, Тўра Мирзо), „Ойболта ва Тошпўлат“ (Р.Қодиров, А.Қаюмов), „Ёлғончи даркор“ (Д.Псафос), „Адашганлар“ (Т. Муҳиддин), „Беш кунлик куёв“ (Шухрат), „ЙО шоҳ, ё Афанди, ё…“ (Ш. Азимзода) ва бошқа театрда саҳналаштирилган энг яхши спектакллардир. Театр жамоаси тезтез вилоятларга чиқади ва спектакллардан ташқари театрлаштирилган сатирик томошалар уюштириб туради. Х. Саъдиев, Э.Каримов, Р. Каримова, Б. Ихтиёров, С.Девонов, Т.Содиқов, М.Нурматов, З.Исмоилова, А.Иботулина, Б.Умурзоқова, О.Эгамбердиева, Э.Жўллиев кабилар театрнинг етакчи актёрларидир. Бадиий раҳбари ва директори – Мавлон Хўжаев[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил