Саттор Жаббор (1905-йил 5-сентабр - 1938-йил 9-октабр) - ХХ аср бошида Германияда таҳсил олган тараққийпарвар, биринчи ўзбек кимёгари, таржимон, педагог ва адабиёцҳунос. 30-йиллардаги Ўзбекистонда содир бўлган муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси. Немис жосуси айблови қўйилиб совет ҳукумати томонидан отиб ташланган.

Саттор Жаббор
Таваллуди 1905-йил 5-сентабр
Тошкент Жарко'ча маҳалласи
Вафоти 1938-йил 9-октабр
Тошкент, О'зССР
Фуқаролиги Россия империяси
Касби Кимёгар
Соҳаси Кимёгар, таржимон, педагог, адабиёцҳунос
Иш жойлари Ўрта Осиё давлат Медицина институтининг биокимё кафедраси
Илмий даражаси Кимё фанлар номзоди
Машҳур ишлари Ф.Энгелснинг “Табиат диалектикаси”, Ҳ.Вамберининг “Ўзбеклар” асарлари таржимаси
Турмуш ўртоғи Маҳбуба Муҳамедова
Дини Ислом

Ҳаёти ва фаолияти

Саттор Жаббор 1905-йил 5-сентабрда Тошкентнинг Жаркўча маҳалласида савдогар оиласида туғилган. Дастлаб, эски мактабда, сўнг 1913-17 йиллар рус-тузем мактабида ўқиган. 1917-1920 йилларда Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабини битирган. 1920-21 йилларда “Чиғатой гурунги” а’зоси бўлиб, Фитратнинг энг ишонган шогирдларидан бири бўлди. 1922 йил “Кўмак” уюшмаси ва БХР ҳукумати томонидан Германияга таҳсил учун йўллаган 70 дан ортиқ йигитлар орасида эди.

Германиядаги фаолияти

Саттор Жаббор 1922-23-йиллар Берлинда тил ўрганди. 1925-йилгача Берлинда гимназияда таҳсил олди. 1925-27-йилларда Гейделберг университетида, 1928-31-йиллар Берлин университети кимё факултетида ўқиди[1]. 1930-йил СССР талабалар учун юбориладиган барча пулларни тўхтатди. Унинг охирги йил ўқиш пулини Берлин университетига Александр Гумболт фонди тўлаб берди. У немис профессорларига ассистент бўлиб лабораторияда ишлади. Совет ҳокимияти Саттор Жабборга стипендия беришни тўхтатиб қўйгач, ёрдам сўраб университетдаги профессорлари Шлейн ва Буинштейнларга мурожаат қилган. Саттор Жаббор ўқиш билан бир вақтда ма’даний ма’рифий ишларда ҳам фаол эди. У Фитратнинг “Ҳинд ихтилолчилари” асарини Берлинда нашр эттиришга ёрдамлашди. 1923-йил Берлинда нашр этилган “Кўмак” журналида “Тилак” номли ше’ри э’лон қилинди.

Қора кийган қалам қошли, қоракўз,

Узун сочли, ўрта бўйли бир қизча

Ўйнай, ўйнай, уча-уча сайраган,

Булбул каби келиб қўнди боғимга.

Ёвуз қишнинг тўндиргувчи елиндан

Қотиб қолган йигитларни ўзининг —

Сучук, сучук сўзи билан тургизди.

Ҳаммасини ўз изиндан юргизди.

Мен кўпдан-да увшиб қолган қўлимни

Тебратиб этагини тутай дедим,

Бироқ у кўкка учди,

Юлдузларга қўшулди.

Мен эса қаноти йўқ қушлардек

Унинг нурли юзига қараб қолдим термулиб[2].

Саттор Жаббор Берлинда Туркистон миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан Аҳмад Заки Валидий Тўғон билан яқиндан алоқада бўлган. Туркистон тарихига оид асарларини немисчага таржима қилиб Берлинда нашр эттирган[3]. Бу ҳақида Аҳмад Заки Валидий Тўғон ўзининг “Хотиралар”ида ёзиб қолдирган[4].

Саттор Жаббор советларнинг Ўзбекистонда ўтказаётган мустамлакачилик сиёсатини қоралаган, Туркистондаги истиқлолчилик адабиёти намояндаларига ҳурмат туйғуси билан йўғрилган, шунингдек, хотин-қизлар мавзусига бағишланган мақолалар ёзади. Чунончи, Берлинда чиқаётган «Ост-Европа» журналида унинг «Туркистон ше’рияти ва шоирлари», «Дойче Алгемейне Сайтунг» газетасида эса «Туркистон аёллари» деган мақолаларини э’лон қилади. «Буэнос Айрес» деган немис газетасида қайта босилган сўнгги мақоласида Ўзбекистонда аёллар озодлиги ва ҳуқуқи масалаларига тўхталиб: «Уларни ҳақиқий озодликка советлар эмас, келгуси мустақил Туркистон чиқаражак», - деб ёзади[5].

Оиласи

Саттор Жаббор 1937-йил 8-январ куни жосусликда айбланиб қамоққа олинди. Унинг қамоққа олинган куни тўлдирган анкетасида оиласи ҳақида қисқача ма’лумотлар бор. Ўша вақтларда Саттор Жаббор Тошкент шаҳридаги Карл Маркс кўчасида жойлашган Тошкент Давлат медицина институти олимлари уйида яшаган. Рафиқаси Маҳбуба Муҳамедова 26-ёшда бўлган ва Тошкент текстил институти талабаси бўлган. Онаси Камолхон Жабборова 57 ёшда. Катта ўғли Ғаффор 14 ёшда. Элхон 8 ёшда, қизи Дилбар 4 ёшда, ўғли Урхон 3 ёшда, Ўзхон эса 1ёшда бўлган. Саттор Жаббор қамоққа олингач аёли Маҳбуба Муҳамедовани яшаб турган уйидан ҳам, ўқишидан ҳам ҳайдашади. Шундан сўнг Тахтапулдаги отаси Дадамат Нурмуҳамедовнинг уйига бориб яшайди. Бироз вақт ўтгач Марказқўм котиби Ивановнинг шахсан аралашуви билан ўқишга қайта тикланади. Кейинчалик ўқишни тамомлаб текстил комбинатида ишлайди[6].

Ўзбекистондаги фаолияти

Саттор Жаббор 1931-йилда Ўзбекистонга қайтиб, Ўрта Осиё давлат Медицина институтининг биокимё (1932-1934),  кейинчалик ноорганик кимё кафедралари (1935-1937) мудири, Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги коллегияси а’зоси, Маориф халқ комиссарлиги ҳузуридаги Илмий кенгаш а’зоси вазифаларида ишлайди. Тошкент Давлат Медицина институти ноорганик кимё кафедраси мудири Ма’фуахон  Алавиянинг гувоҳлик беришича, Саттор Жабборга ўша йиллари кўп йиллик илмий ишлари мажмуаси учун кимё фанлари номзоди илмий унвони берилган. Унинг асосий илмий йўналиши хилма-хил кимёвий хоссаларнинг ташкил  топиш кинетикасини тадқиқ қилиш бўлган. Олимнинг 20 дан  ортиқ илмий иши мавжуд бўлиб, улар орасида немис тилидаги кимё дарсликларининг ўзбек тилига таржималари, шунингдек, русча-ўзбекча ва немисча-русча-ўзбекча кимё терминлари китоблари ҳам бўлган[7].

Таниқли файласуф олим, профессор Омонулла Файзуллаевнинг хотирлашига кўра, 1936-йилда Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш Саттор  Жабборга профессорлик унвонини берган[6].

Саттор Жабборнинг Туркистон матбуотида э’лон қилинган мақолаларининг биринчиси “Туркистон” газетасининг 1924-йил 2-сентабр сонида “Эртой” имзоси билан босилган “Германияда Ўрта Осиё талабаларининг икки йили”дир. Унда Германияда туркистонлик талабаларнинг қисқа муддатда илм олиш бобида эришган ютуқлари ҳақида батафсил ҳикоя қилади ва келгусидаги режалари билан ўртоқлашади.

Маориф ва ўқитувчи журналининг 1928-йил 10-сонида босилган “Суюқ кўмир ва сун’ий нефт” мақоласида жаҳондаги барча урушларнинг бош сабаби нефт эканлигига тўхталиб келажакда бу муаммони кимё фанининг ҳал этишида я’ни, кўмирни суюлтириш муаммоси ҳақида тўхталади ва ўқувчиларга ўз қарашларини ма’лум қилади.

1929-йил “Маориф ва ўқитувчи” журналида “Кимёгар” номи билан Янги алифбога ўтишга бағишлаб ёзган мақоласида миллат ҳаётида имлонинг ўрнига тўхталади ва у бу жараёнда минг йиллик миллий маданий мерос ва қадриятларни йўқотиб қўймасликка чақиради.

Таржимонлик фаолияти

Саттор Жаббор улкан таржимон эди. У Ф.Энгелснинг “Табиат диалектикаси”, Ҳ.Вамберининг “Ўзбеклар” асарларини, шунингдек, кимё фанидан Розанфелднинг “Ноорганик практика ва сифатий анализ” дарслигини, Арениуснинг “Илмий химия асослари” асарларини немис тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Саттор Жаббор 1934-йил 1-илмий терминологик сездда иштирок этади. 1936-йил Терминология комитетининг химия терминлар комиссиясига раис этиб тайинланди. У 1936-йил Зарифа Саидносирова, Алимов, Ҳакимов каби бир қатор кимёгарлар билан қисқа муддатда ўзбекча кимё терминлар луғатини яратишда катта ишларни амалга оширади. “Маданий инқилоб” газетасида қатор мақолалар чоп этади[8].

Айблов

1937-йил 7-январда ЎзССР ИИХК Загвоздин ТошМИ досенти Саттор Жабборни Германияда ўқиган жосус, Ўзбекистонда мустақил буржуа давлати тузмоқчи деб қамоққа олишга қарор қилди. 1937-йил 8-январ куни ордер асосида ТошМИ ётоқхонаси 4-корпус, 17-хонадан тинтув ўтказиб, унинг кутубхонаси, китоблари, ҳужжатлари, хатлари, расмларидан шахсий буюмларигача хатлаб олиб кетилди. Тергов 1937-38 йиллар деярли икки йил давом этди. Бу вақтда Саттор Жаббор Германияда бирга ўқиган Тўлаган Мўмин, Султон Матқул, Фузайл Шераҳмедов, Темурбек Қозибеков, Раҳматжон ва Муҳаммаджон Авазжоновлар билан юзлаштиришди. Бироқ, қўйилган айбловларнинг бирортаси исботини топмади. Шунга қарамай 1938-йил 9-октабр куни “учлик суди” Саттор Жабборни отувга ҳукм этди. Саттор Жабборни 1931-йил Германиядан жосус бўлиб қайтган деб, ЎзССР Жиноят Кодексининг 57 - (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, жосуслик), 64 - (Совет давлатига қарши теракт), 67 - (аксилинқилобий ташкилотга а’золик) моддаларини қўллайди.

Саттор Жаббор ҳеч қачон ўзини миллат ва халқ олдида айбдор ҳисобламаган. Саттор Жабборнинг тергов материалларида “А.Аюб 57 камерада, С.Жаббор 59 камерага жойлаштирилган. Камераларнинг девори битта бўлиб, маҳбуслар аксилсовет қўшиқлар, латифалар айтишиб ўтиришади. Шунинг учун улар икки марта карсерга ҳам ташланган аммо, тўхтатмаяптилар”, - деган мазмундаги кўрсатмалар бор.

Оқлов

1956-йил 1-февралда Саттор Жабборнинг онасига ЗАГС идорасидан ўғлининг 1938-йил 15-октабрда судлангани ва 1940-йил 26-декабрда жазони ўташ вақтида вафот этгани тўғрисида ёлғон ма’лумотнома беришадилар. Сталин вафотидан кейин, Саттор Жабборнинг онаси Камолхон ая Мавлонхўжаева ва рафиқаси Маҳбуба Муҳамедова 1956-йил 24-апрелда Ўзбекистон ССР Марказқўмининг биринчи котиби Нуритдин Муҳитдиновга Саттор Жабборни оқлаб беришни илтимос қилиб ариза беради.

Нуритдин Муҳитдинов бу ишни пайсалга солмай Республика адлия вазири Хадича Сулаймонова, Давлат хавфсизлик комитети бошлиғи А.Бизов, Бош прокурор Мурод Шералиевдан иборат ишчи гуруҳ тузади ва Саттор Жабборнинг ишини қайтадан кўриб чиқишади. 1959-йил 13-апрелда Саттор Жаббор тўлиқ оқланади. Ушбу оқлов СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1959-йил 13-апрелдаги Ҳ-4Ҳ-13699/57 сонли ма’лумотномасида кўрсатилган[9].

Манбалар

  1. ↑ Олимжон Идрис. Германияда Ўзбекистон шогирдлари. “Фарғона” г. 1926-йил 22-март
  2. ↑ Саттор. Тилак. “Кўмак” журнали. Берлин. 1923-йил 1-сон. 21-бет
  3. ↑ Шерали Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. Тошкент. 2006-йил. 69-бет
  4. ↑ А.З.Валидий Тўғон. Бўлинганни бўри ер. Тошкент. Адолат. 1997. 254-255-бетлар
  5. ↑ Шерали Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. Тошкент. 2006-йил. 70-71-бетлар
  6. ↑ 6,0 6,1 Шерали Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. Тошкент. 2006-йил. 76-бетлар
  7. ↑ Альманах. Ташкентский Медицинский институт (192(М980), - Ташкснт: «Медицина», 1980, стр. 54.
  8. ↑ Шерали Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. Тошкент. 2006-йил. 78-бет
  9. ↑ СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1959-йил 13-апрелдаги Ҳ-4Ҳ-13699/57 сонли ма’лумотномаси