Али ибн Абу ал-Ҳайжо Абдулллоҳ ибн Ҳамдон ибн Ҳамдун ибн ал-Ҳорис ат-Тағлибий (арабча: علي بن أبو الهيجاء عبد الله بن حمدان بن الحارث التغلبي‎‎) (916-йил 22-июн – 967-йил 8-феврал), асосан, Сайф ад-Давла (سيف الدولة - сўзма-сўз таржимаси — „сулола қиличи“) номи билан машҳур. Ҳалаб амирлигига асос солган. Ушбу амирлик таркибига шимолий Суриянинг катта қисми ва ғарбий Жазиранинг айрим ҳудудлари кирган.

Сайф ад-Давла
Photo of the two sides of a gold coin with Arabic inscriptions
943/944-йилда Бағдодда Сайф ад-Давла ва унинг акаси Носир ад-Давла номидан зарб қилинган олтин динор.
Ҳалаб амири
Салтанат 945–967
Ўтмишдоши Усмон ибн Саид ал-Килобий (Ихшидийлар амири)
Давомчиси Саъд ад-Давла
Фарзандлари Саъд ад-Давла
Тўлиқ номи
Али ибн Абу ал-Ҳайжа Абдуллоҳ ибн Ҳамдон ибн Ҳамдун ибн ал-Ҳорис ат-Тағлибий
қабила Бану Тағлиб
Сулола Ҳамдонийлар
Отаси Абдуллоҳ ибн Ҳамдон
Дини Ўн икки имом

Ҳамдонийлар сулоласининг энг кўзга кўринган аъзоси[1] Сайф ад-Давла дастлаб 940-йилларнинг бошларида Аббосийлар ҳукуматининг заифлашган даврида ўзининг катта акаси Носир ал-Давла қўл остида хизмат қилган. Носир ад-Давла ўша вақтда Бағдоддаги заиф Аббосийлар ҳукумати устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилаётган эди. Бу уринишлар муваффақияцизлик билан тугагач, Сайф ад-Давла ўз эътиборини Сурияга қаратди, Қуйи Мисрда Ихшидийлар вилоят устидан назорат ўрнатишга уринаётган пайтда уларга қарши чиқди. Ихшидийлар билан икки маротаба уруш олиб борганидан сўнг, Сайф ад-Давла томонидан шимолий Сурия (маркази Ҳалаб шаҳри) ва ғарбий Жазира (маркази Майяфариқин шаҳри) устидан ўрнатилган ҳокимият Ихшидийлар ҳамда Аббосийлар халифалиги томонидан тан олинди. 955-йилга қадар Сайф ад-Давланинг ҳокимияти кўплаб қабилавий қўзғолонлар билан тўқнаш келди, бироқ у бу исёнларни бостиришга муваффақ бўлди, шунингдек, кўчманчи бадавийлар орасида энг қудратли ва таъсирга эга қабилаларнинг унга бўлган садоқатини сақлаб қолишга эришди.

Сайф ал-Давла Араб–Византия урушларидаги фаол роли билан яхши танилган. Х асрнинг бошларида кучайиб бораётган Византия империяси мусулмонлар назоратидаги шарқий чегараларга бостириб кира бошлаганида Сайф ад-Давла бу таҳдидларга қарши чиққан. Кўп сонли ва яхши қуролланган душманга қарши курашда Сайф ад-Давла Византия ҳудудларига юришлар уюштирган ва уларнинг баъзиларида муваффақиятга ҳам эришган. Бу ғалабалари туфайли у мусулмон оламида кенг эътироф этилган. 955-йилгача Ҳамдонийлар ҳукмдори кўпчилик жангларда устунликни сақлаб турган. Аммо шу йилдан кейин янги византиялик саркарда Никепҳорос Пҳокас ва унинг қўмондонлари кучли ҳужумлар бошлаб, Ҳамдонийларнинг қудратини синдиришга муваффақ бўлди. Византияликлар Киликияни босиб олди ва ҳатто 962-йилда бир муддат Ҳалаб шаҳрини ҳам эгаллади. Сайф ад-Давланинг сўнгги йиллари ҳарбий мағлубиятлар, касаллик сабаб соғлиғининг ёмонлашуви ва ўз қўмондонлари орасида исёнлар билан кечди. У 967-йил бошида вафот этди. Ўлимидан сўнг Ҳамдонийлар амирлиги анча заифлашди ва 969-йилга келиб, византияликларга Антакя ва Сурия соҳилларини бой бериб, уларнинг тобе ҳудудига айланди.

Сайф ад-Давланинг Ҳалабдаги саройи ўз даврининг жонли маданий ҳаёт марказига айланган эди. У атрофида тўплаган адабий давра, жумладан, буюк шоир ал-Мутанаббийнинг ўша даврда ва унинг келажак авлодлар орасида машҳурлигини таъминлади. Бироқ шу билан бирга, амирлик армия харажатларини таъминлаш мақсадида солинадиган оғир солиқ сиёсатидан азият чекди. Ҳамдонийлар ҳукмдори ўз ҳудудларида шиаликни фаол тарғиб қилган. Унинг бошқаруви даврида бадавий қабилаларнинг аҳамияти ортган ва бунинг натижасида 1024-йилда Ҳалабда Мирдосийлар сулоласи барпо этилган.

Манбалар

  1. ↑ Cанард 1971.

Ҳаволалар