Сайфи Саройи (арабча: قصر الصيفي‎‎)(1321-йил Қамишли, Хоразм— 1398-йил Миср) — туркий шоир ва таржимон.

Сайфи Саройи
Шахсий маълумотлар
Таваллуди 1321-йил
Вафоти 1398-йил
Дини Ислом
Танилган соҳаси шоир, таржимон

Ҳаёти

Сайфи Саройи ўзбек мумтоз адабиётининг истеъдодли вакилларидан бири. Хоразмда Қамишли қишлоғида ҳунарманд-қуролсоз оиласида дунёга келган. Бошланғич та'лимни ўз қишлоғида олган бўлажак шоир таҳсилни давом эттириш учун Олтин Ўрданинг маркази - Сарой шаҳрига боради. Бу ерда у ўз даврининг барча илмларини эгаллайди, исте'додли шоир сифатида танилади.

Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасидаги ўзаро урушлар туфайли Олтин Ўрдада вужудга келган нотинчлик сабабидан у аввал Эрон, Туркияга боради, сўнг Мисрга ўтиб, турғун бўлиб қолади - 1396 йили шу ерда вафот этади.

Ўз даврининг фозил олими ва етук шоири бўлган Сайфи Саройи форс-тожик ва араб тилларини мукаммал билган. Мавлоно Қози Муҳсин, Мавлоно Ис'ҳоқ, Мавлоно Имод Мавлавий, Аҳмадожа ас-Саройи каби шоирлар билан яқин бўлиб, ше'рий мушоиралар қилган.

Фаолияти

Форс, араб тили, адабиёти, тарихи ва халқ оғзаки поэтик ижодини мукаммал ўрганган, лирик шоир, қасиданавис, эпик достончи ва таржимон сифатида танилган. Сайфи Саройи Саъдийнинг "Гулистон‟ асарини ўзбек тилига биринчи бўлиб Мисрда таржима қилиб, ярим оригинал, фалсафий-ахлоқий "Гулистони бит-туркий‟ асарини яратган (1391). Саъдий асарининг асосий мағзини олиб, уни замона руҳини ва маҳаллий муҳитни акс эттирувчи янги ҳикоятлар, қитъа ва байтлар билан тўлдирган. Асар 8 боб, ҳар бир бобда ҳикоятлар бор. Ҳикоятларнинг кўпчилиги дидактик мазмунда. Шоир панд-насиҳат қилиш йўли билан адолат ва осойишталик ўрнатиш, золим подшо ва амалдорларни инсоф ва адолатга чақириш, давлатни қатъий қонун-қоидалар асосида бошқариш, кишилар хулқ-атворини яхшилаш мумкин деб ўйлайди. Шу мақсадда тўғрилик, ростгўйлик, садоқат ва марҳамат каби фазилатларни тарғиб этади. Асар катта адабий ёдгорлик, қадимий туркий тилни ўрганишда ҳам муҳим манбадир. Унинг ягона қўлёзмаси Голландиядаги Лейден университетида (инв. № 1553), фотонусхаси, "Суҳайл ва Гулдурсун‟ достони қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади[1]. Қўлёзма ХХ аср авваларидан ўрганила бошлаган. 1954 йили турк олими Фаридиддин Нафис Ўзлук унинг факсимил нусхасини нашр эттирган.

Сайфи Саройи оддий ва содда халқона тилда, енгил ва равон услубда ижод қилган. Шоир ше'рлари нозик кузатишлар, оҳорли ҳаётий ташбеҳларга бой. Талмеҳ, тазод, таносиб, ирсоли масал, тажнис, ташхис, муболаға, лутф каби ше'рий сан'атлардан маҳорат билан фойдаланган.

Илмий-адабий мероси

Сайфи Саройидан бизга 10 дан ортиқ ғазал, 2 қасида, 2 қит'а, икки байт ше'р, "Суҳайл ва Гулдурсун" достони (82 байт, 1394) ҳамда "Гулистони бит-туркий" (1390-91) номи билан таржима қилинган Са'дий Шерозийнинг "Гулистон" асари таржимаси етиб келган. Бу мерос Ўзбекистонда 3 - марта 1968, 1973 ва 1986 йилларда нашр этилган. Насрулло Даврон Сайфи Саройи ижоди бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Айрим асарлари Истанбулда (1926) "Турк адабиёти намуналари‟да берилган. "Суҳайл ва Гулдурсун‟ достони ўзбек эпик шеърияти тараққиётида ўз ўрнига эга. Достон халқ афсонаси "Гулдурсун‟ асосига қурилсада, унда реал тарихий воқеалар, яъни Амир Темурнинг Хоразмга юриши ҳам акс этган.

"Синдбоднома‟нинг ўзбек тилига қилинган таржимаси сақланмаган. Шеърларида ватанпарварлик, одамийлик, инсон қадр-қиммати, дўстлик, муҳаббат мотивлари билан бирга ижтимоий мавзу ҳам куйланган ("Кунгул‟, "Топилмас‟, "Эрур‟ ва б.).

Нашр қилинган асарлари

  • Сайфи Саройи. Шеърлар, Гулистон. — Т.: 1968;
  • Сайфи Саройи. Гулистони бит туркий. Китобда: 14 аср Хоразм ёдномалари. — Т.: Фан, 1973;
  • Сайфи Саройи. Суҳайл ва Гулдурсун. Китобда: Уч булбул гулшани. — Т.: Ғафур ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986.

Адабиётлар

  • Шеърлар, Гулистон, Т., 1968.
  • Маллаев Н., Õзбек адабиёти тарихи, 1-китоб, Т., 1976;
  • Õзбек адабиёти тарихи [5 ж.ли], 1ж., Т., 1977.
  • Õзбек адабиёти тарихи. Беш томлик. Т.1. — Т.: Фан, 1978.

Манбалар

  1. ↑ Бегали Қосимов. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 200

Ҳаволалар