Сайлов тизими

Сайлов тизими — сайлов ўтказиш тартибларининг ҳамда уларни ўрнатувчи ҳуқуқий нормаларнинг мажмуи. Сайлов тизими давлат вакиллик органларини шакллантириш юзасидан мавжуд бўлган ва фуқароларни сайловга жалб этиш, сайловларни ташкил қилиш ва депутатнинг сайловчилар билан ўзаро муносабатларини белгилайдиган тартибини, фуқароларнинг барча сайлов ҳуқуқларини ўз ичига олади (қаранг Сайлов ҳуқуқи). Жаҳон мамлакатларининг давлат қурилиши тажрибасида сайлов тизимининг қуйидаги турлари қўлланади:

  1. мажоритар
  2. пропорсионал
  3. аралаш

Мажоритар сайлов тизими

Мажоритар сайлов тизими деганда (франс. мажорите — кўпчилик сўзидан) вакиллик органларига сайловларда овоз бериш натижасини аниқлаш тушунилади. Унда қонун билан белгиланган кўп овозни олган номзод (ёки номзодлар рўйхати) муайян округ бўйича сайланган ҳисобланади. Ҳозирги замон конституциявий ҳуқуқида нисбатан мутлақ ва малакали кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимлари қўлланади. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мексика ва бошқаларда. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган м ажоритар тизимда берилган ва ҳақиқий деб топилган овозларнинг умумий сонидан мутлақ (ёки оддий) кўп овоз (яъни 50% +1 та овоз) олган номзод сайланган ҳисобланади. Агар номзодлардан биронтаси ҳам етарлича овоз олмаса, қайта овоз бериш ўтказилади, бунда номзодлар рўйхатида нисбатан кўп овоз олган 2 та номзод қолдирилади. Баъзан қайта овоз бериш урнига 2-тур овоз бериш ўтказилади, бунинг натижалари бошқача тизим бўйича аниқланади (масалан: Франсияда Миллий Мажлис — парламентга сайловларда мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизим, 2-тур овоз беришда эса нисбатан кўпчиликнинг овозига асосланган мажоритар тизим қўлланади). Нисбатан кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизим энг содда тизим бўлиб, бунда номзодлар орасидан о'з рақибларининг ҳар бирига нисбатан кўп овоз олгани сайланган ҳисобланади. Бу тизимда кўпинча сайловчиларнинг қо'ллаб қувватлашига эга бўлмаган партия парламентда кўп о'ринга эга бо'лиши мумкин. АҚШ, Буюк Британия ва бошқа бир қанча давлатларда мажоритар тизимнинг ана шундай шакли қўлланади. Шунингдек, мажоритар тизимнинг камдан кам ҳолларда қўлланадиган яна бир тури малакали кўпчилик овозига (умумий овозларнинг 2/3, 3/4 ма'қулланган қисмига) асосланган мажоритар тизим ҳам мавжуд (масалан: Чилида парламентнинг қуйи палатаси — Депутатлар палатасига сайловларда шундай тизим қўлланади). Бироқ, бунда фақат жуда оз номзодлар сайловчиларнинг 65% овозини олиши мумкин бо'лганлиги учун, мандатлар, одатда, вакилликнинг пропорсионал тизими бо'йича тақсимланади. Ҳар бир сайлов округидан сайланадиган депутатларнинг сонига қараб бир мандатли ёки кўп мандатли мажоритар сайлов тизимлари бо'лиши мумкин. Бир мандатли мажоритар тизимда бир округдан бир депутат сайланади. Кўп мандатли мажоритар тизимда бир округдан бир неча депутат сайланади.

Пропорсионал сайлов тизими

Пропорсионал сайлов тизими овоз бериш натижаларини аниқлашнинг бирмунча мураккаб тартиби бўлиб, бунда мандатлар ўз номзодларини вакиллик органларига қўйган сиёсий партиялар ва бошқа оммавий ҳаракатлар ўртасида улар томонидан олган овозларнинг сонига мос равишда тақсимланади. Пропорсионал сайлов тизимида катта-катта сайлов округлари тузилиб, уларда ҳар бир партия ўз вакилларининг рўйхатини илгари суради, сайловчилар эса тегишли партиялар ёки оммавий ҳаракатлар томонидан кўрсатилган вакилларнинг руйхати учун овоз беради. Овоз бериш натижаларини аниқлаш учун сайлов мезони (ёки квота), яъни бир депутатлик мандатини олиш учун зарур бўлган овозлар миқдори (одатда, камида 4—5% қилиб) ўрнатилади. Бунда, шартга кўра, муайян жамоат бирлашмаларининг номзодлари ана шу белгиланган овозларни олгандан кейингина мандатларни тақсимлашда қатнашади. Аввало сайловчилар берган овозлар миқдори депутатлик ўринларининг сонига бўлинади. Шунда битта мандат доирасидаги овозлар сони маълум бўлади. Кейин ҳар бир партия олган овозлар алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Бу миқдор депутатнинг бир мандати учун зарур бўлган овозлар миқдорига бўлинади. Шунда мазкур сиёсий партия ёки оммавий ҳаракатга берилган депутатлик ўринлари сони келиб чиқади. Бундай тизимда сайловчи амалда номзод учун эмас, балки сиёсий партия учун овоз беради. Сайловчиларнинг овози белгиланган меъёр доирасида ва мутаносиб равишда депутатлар мандатлари сонини келтириб чиқаради. Бу ўринлар партия раҳбар органлари томонидан партиявий рўйхатнинг бош қисмидан жой олган номзодларга берилади. Пропорсионал сайлов тизими Исроил, Венгрия, Австрия, Дания, Испания, Полша ва бошқа мамлакатларда мавжуд.

Аралаш сайлов тизими

Аралаш сайлов тизими ўзида ҳам мажоритар, ҳам пропорсионал сайлов тизимлари элементларини мужассам этади. Масалан Германияда Бундестагга сайловларида аралаш тизим қўлланади. Унинг депутатларининг ярми бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган бир мандатли сайлов округларида нисбатан кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизим бўйича, 2-ярми эса кўп мандатли сайлов округлари ҳисобланган герман ерлари (федерация субектлари)да сиёсий партиялар томонидан илгари сурилган номзодлар рўйхати асосида пропорсионал тизим бўйича сайланади.

Аралаш сайлов тизими Болгария, Грузия, Литва, Италия ва бошқа мамлакатларда ҳам қўлланади.

Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизими мамлакат Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги тегишли қонунлар билан тартибга солинади. Уларга биноан, Ўзбекистонда мажоритар сайлов тизими қўлланади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини олиши керак. Агар сайловчиларнинг рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ярмидан ками сайловда иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб ҳисобланади. Агар сайлов округи бўйича 2 тадан ортиқ номзод овозга қўйилган бўлса ва улардан биронтаси ҳам кўпчилик овозини ололмаса, яъни депутат бў либ сайланмай қолса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган 2 нафар номзодни округда такрорий овозга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу қарор Марказий сайлов комиссиясига юборилади. Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида 2 ҳафта ичида такрорий овоз бериш ўтказилади[1].

Манбалар

  1. ↑ Ҳайдарали Муҳамедов. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил