Саййид Барака, Мир Саййид Барака (?— 1404) — Амир Темурнинг пири.

Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, асли Макка шаҳридан бўлиб, Амир Темур билан дастлаб Термиз шаҳрида учрашган. Макка ва Мадинанинг вақфларини (Макка ва Мадина шаҳарлари ислом оламида муқаддас шаҳарлар деб аталгани сабабли ислом давлатлари ҳукмдорлари ҳар йили бу шаҳарларга вақф маблағи, яъни белгиланган миқдордаги маблағни юбориб туришни шарафли бурч деб билганлар) ундириш учун Балхга Амир Ҳусайн ҳузурига келган. Амир Ҳусайн у талаб қилган маблағни бериш у ёқса турсин, ҳатто Саййид Баракага илтифот ҳам кўрсатмайди. У бундай совуқ муносабатдан хафа бўлиб Термизга қараб кетади ва Термиз яқинида Амир Темур билан учрашади. Амир Темур у талаб қилган маблағни ортиғи билан беради. Саййид Барака Амир Темурга ноғора билан байроқ тортиқ қилади. Амир Темур 1370-йил салтанатни қўлга олгач, Андхўй (Афғонистон) вилоятини барча қишлоқлари билан Саййид Баракага „иқтў“ тарзида инъом қилади. Саййид Барака Соҳибқироннинг Мозандарон, Дашти қипчоқ ҳарбий юришларида унга ҳамроҳ бўлган, қўшиннинг руҳини кўтарган. Саййид Барака ҳарбий сафарларга қатнашмаган пайтда Самарқанд ва Андхўйда яшаган. 1404-йил қишда Саййид Барака оғир касалликдан сўнг вафот этади. Бу хабарни эшитган Амир Темур Саййид Бараканинг жасадини Андхўйда дафн этишни буюради. 1409-йил Шоҳрух Мирзо Мовароуннаҳр тахтини Халил Султондан тортиб олгач, Саййид Бараканинг хокини Андхўйдан Самарқандга келтириб, Амир Темур мақбарасига дафн эттиради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил