Саййид Муҳаммад Фансуруллоҳбек (1872-йил, Қўқон — 1931-йил, Тошкент) — шоир, сиёсий арбоб. Қўқон хони Худоёрхоннинг кенжа фарзанди.

Саййид Муҳаммад Фансуруллоҳбек
Таваллуди 1872-йил
Вафоти 1931-йил
Тошкент
Турмуш ўртоғи Тўра Сучукой
Бахтибиби
Болалари Хисрав, Ҳумоюнхон, Подшоҳсоҳибахон
Ҳожибек, Мавжудахон, Хайруллобек
Отаси Худоёрхон
Онаси Маъсудахон

Ёшлиги

Саййид Муҳаммад Фансуруллоҳбек 1872-йилда Қўқонда Худоёрхон хонадонида (Ўрдада) туғилган. Унинг болалиги хоннинг сарсонлик ва муҳожирлик йилларига тўғри келади. Насриддинхон тахтга ўтиргач, Худоёрхон икки хотини, ўғиллари Ўрмонбек, Фансуруллоҳбек ва Ибн Яминбек[1] ҳамда хос соқчилари ҳамроҳлигида Тошкентга, фон Кауфман ҳимоясига қочиб келади. Хон Оренбург томон сафарга чиққанидан 1880-йилгача Фансуруллоҳ онаси билан Туркистон шаҳрида яшайди. Уларни бу шаҳарда қариндошлариникида Худоёрхоннинг ўзи қолдирган эди.

Фаолияти

1879-йилда Худоёрхоннинг вафоти ҳақидаги хабар Туркистонга етиб келгач, Фансуруллоҳбек онаси билан Тошкентга қайтади. Тошкентда Занжирли маҳалласида ҳаёт кечиради. Фансуруллоҳбек дастлабки мактаб таълимини Туркистонда ва Тошкентдаги эски мактабда олган. Кейинчалик Шайхонтоҳурдаги Эшонқули Додхоҳ мадрасасида таҳсил олган. Фансуруллоҳбек мадрасада аруз илмини чуқур ўрганган. Собиқ хоннинг фарзандлари орасида биргина Фансуруллоҳбек шоир сифатида ном қозонган.

Фансуруллоҳбекнинг мухаммас ва ғазаллари ХИХ аср охири, ХХ аср бошларида тартиб берилган қўлёзма ва тошбосма баёзларда тез-тез кўзга ташланган. „Хисрав“ тахаллуси билан ижод қилган. Чунки ўғли Хисравбек Тошкентда вафот этгач, унинг исмини тахаллус сифатида ишлатган. Фансуруллоҳбек Туркистон ўлкасида вужудга келган жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этади. Мунаввар қори Абдурашидхонов билан яқин алоқада бўлиб ўлкадаги дастлабки газеталардан бўлмиш „Хуршид“, „Осиё“, „Сур’ат“, „Ҳақиқат“ газеталарида ўз мақолалари билан иштирок этган.

Фансуруллоҳбек Россияда содир этилган феврал инқилобидан кейин Туркистонни озод қилиш мақсадида тузилган бир қатор сиёсий ташкилотлар сафига киради. Жадид зиёлилари билан бирга Тошкент, Андижон, Қўқондаги „Тараққийпарварлар“ фирқасининг шаклланишига бошчилик қилган. Шунингдек, ўлкадаги хайрия жамиятлар, сиёсий ташкилотлар ташкил этилишида фаол иштирок этган.

Оиласи

Фансуруллоҳбекнинг отаси Худоёрхон ва онаси Маъсудахон(Оғача) бўлган. Биринчи хотини Тўра Сучукой Китоб беги Жўрабек Қаландарқорининг қизи. Тўнғич ўғли Хисрав 1926-йил 4-февралда вафот этган. Унинг қабри Тошкентдаги Жўрабек додхоҳ қабристонида. Ҳумоюнхон ва Подшоҳсоҳибахон исмли қизлари ҳамда Ҳожибек исмли ўғли бўлган. Иккинчи хотини Бахтибиби бўлиб Мавжудахон ва Хайруллобек исмли фарзандлари бўлган. Бу икки фарзанд гўдаклик чоғидаёқ вафот этган.

Қатағон қилиниши

1929-йилда аввалига давлат сиёсий бошқармаси томонидан Фансуруллоҳбекнинг яқин маслакдоши Мунавварқори ҳибсга олинган. 1930-йилда НКВД ходимлари томонидан Фансуруллоҳнинг ўзи ҳам ҳибсга олинган. 1931-йилда Мунавварқори отиб ташланади. Жисмоний жазолар, руҳий босимлар остида Фансуруллоҳбек 1931-йилда Тошкент турмасида вафот этган. Фансуруллоҳбекнинг жасади турмада қолиб кетади ва уни турма соқчилари дафн этишади[2].

Манбалар

  1. ↑ Ҳайдарбек Бобобеков. Қўқон тарихи. Тошкент, Фан, 1996 — 84-бет. ИСБН 5—648-02374—Х.. 
  2. ↑ Ғайрат Йўлдош „Худоёрхоннинг советлар ўлдирган кенжа ўғли. Фансуруллобекнинг аянчли тақдири (2-қисм)“. кун.уз. Қаралди: 21-июн 2023-йил.