Сегоҳ (форс. — уч ўрин, уч парда) — 1) Ўн икки мақом тизимида маълум шўба номи. Манбаларда кўрсатилишича, С. 3 поғонали товушқатор бўлиб, пардалари 2 та бутун тон оралиғида жойлашган; 2) Шашмақом ва Хоразм мақомлари таркибида бешинчи мақом. Товушқатори эолий (минор) гаммага тўгри келади. Шашмақомдаги С.нинг мушкилот бўлими — Таснифи С, Хафифи С, Гардуни С, Муҳаммаси С, Муҳаммаси Ажам, Муҳаммаси Мирза Ҳаким, Сақили Бастанигор, наср бўлими — 1 ва 2 гуруҳ шўбаларидан иборат. Улардан биринчиси Сарахбори С (6 та таронаси ва супориши билан), Талқини С. (таронаси билан), Насри С. (таронаси билан), Наврўзи Хоро (учта таронаси ва супориши билан), Наврўзи Ажам (таронаси билан) ҳамда Уфар ва Супориш қисмларидан иборат. С.нинг 2 гуруҳ шўбаси Мўғулчаи С. деб номланиб, Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар қисмларини ўз ичига олган. С. мақом пардалари асосида жуда кўп ашула ва чолғу йўллари яратилган: "Сегоҳ", "Гиря" ИИИ, "Илғор", "Гулузорим", "Фиғон", "Нимчўпоний" ашулалари, "Мушкилоти Сегоҳ" куйи ва унинг уфари ва бошқа С. йўлларидан Ўзбекистон композиторлари баракали фойдаланишган (мас, Р.Глиэр ва Т. Содиқовнинг "Лайли ва Мажнун" операси; Ю. Ражабий ва бошқа Надеждиннинг ҳамда С. Бобоевнинг "Сегоҳ" симфоник поэмалари, М. Тожиевнинг 3, Т. Курбоновнинг 5симфониялари ва бошқалар).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар