Секреция (лотинча: сеcретио – ажратиш) – без ҳужайраларида организмнинг ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган махсус маҳсулотлар – секретлар ҳосил бўлиши ва чиқарилиши. Организм ҳаёт фаолияти давомида ҳар бир ҳужайрада ички ёки ташқи муҳитга ажратиладиган метаболизм маҳсулоти ҳосил бўлади. Агар секрет ажратиш махсус ҳужайранинг асосий функсияси бўлса, бу функсия С. деб аталади. Ташқи ёки экзокрин С. (без ҳосил қилган маҳсулот ташқарига чиқарилади), ички ёки эндокрин С, ёхуд инкреция (синтезланган моддалар қон ёки лимфага ажратилади) бўлади. Ҳар қандай безнинг секретор сиклида икки: секрет биосинтези ва секрет ажратилиши фазалари бор. Баъзи безларда иккала фаза бир вақтда, айримларида эса бошқа пайтда содир бўлиши мумкин. С. – ҳужайра ичида синтез қилинган маҳсулотнинг астасекин етилиб, кетма-кет бир органоиддан бошқасига ўтказилиб турадиган изчил жараёндир. Бошланғич маҳсулотлар (аминокислоталар, моносаҳаридлар, ёғ кислоталари, тузлар) қон ва тўқима суюқлигидан без ҳужайраларига ютилади. Секрет биосинтези (айниқса, оқсил маҳсулотлари) эндоплазматик тўрда бошланади. Бунда ҳужайра мембранасида адсорбланган аминокислоталар (рибосома) рибонуклеин кислота (РНК)си белгиланган кетма-кетлик асосида бирбири билан бирикади. Синтезланган бошланғич маҳсулот эндоплазматик тўр тирқишлари ва лакуналарда йиғилади, сўнг Голжи комтекста ўтиб, у ерда етилади. Без ҳужайраларидаги жуда кўп митохондриялар бу жараён учун энергия беради.

Секретор сиклнинг иккала фазаси регулясияси ҳам бир неча бошқарувчи (нерв ва гуморал) омилларнинг ҳамкорликда ёки биринкетин таъсири билан белгиланади (қаранг Нейрогуморал регулясия) С. нейрогормонларни ишлаб чиқарадиган баъзи нейрон (нейросекретор)лар ва махсус моддалар – медиаторларни ҳосил қиладиган оддий нерв ҳужайралари учун ҳам хос.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил