Почта қутилари. (1980-йил май ойида Сент-Еленс тоғи вулқонининг отилишидан кейин сел остида қолган)

Сел ёки Оқин[1] — тоғ водийлари, сойлар ва жарлардан оқиб келадиган, катта вайронгарчилик кучига эга бўлган қисқа муддатли лойқа ёки лойқатош аралаш кучли сув оқими. Қорларнинг жадал эриши, кучли жала ёгиши натижасида тоғлардан бошланадиган кичик дарё ва сойлар ҳавзаларида содир бўлади. Кавказ, Ўрта Осиё, Қрим, Карпат, Шарқий Сибир тоғларида кузатилади. Сел таркибига қараб лойқатошли, лойқали, сувтошли, сувшохшаббали турларга; физик турига кўра қовушоқ ва ноқовушоқ турларга бўлинади. Ўрта Осиёда сел тоғ олдитоғли зоналарда кўп учрайди. Ўзбекистонда Фарғона водийси, Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси дарёларининг тоғли қисмлари; Қирғизистонда Талас, Чу, Норин дарёлари ҳамда Иссиқкўл ҳавзалари, Чатқол ва Олай тоғларининг ён бағирлари; Тожикистонда Зарафшон, Сурхоб, Обихингов, Варзоб, Вахш, Панж ва бошқа дарё ҳавзалари; Туркманистонда Катта Болхан ва Копетдоғ ён бағирлари хавфли сел минтақалари ҳисобланади.

Сел халқ хўжалигига катта зарар етказади; аҳоли пунктлари, гидротехника иншоотлари, йўл, кўприк ва ҳоказоларни вайрон қилади, қишлоқ хўжалиги экинзор, боғ ва йўлларига лойқа аралаш тош, тошшағал чиқариб ташлайди, тупроқ қатламини ювиб кетади. Селга қарши курашиш учун ташкилийхўжалик, агроўрмон мелиорацияси ва гидротехника тадбирлари комплексидан иборат селдан ҳимоя воситалари қўлланади[2].

Яна қаранг

Изоҳлар

Манбалар

  1. ↑ Бу со'зни Маҳмуд Кашг'арий о'з девонида шундай беради: "Селни оқин дейишади, бу со'з 'сув оқди' жумласидан ясалган"
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.