Сел омбори, селхона, сел сақлагич — сел оқимларини тартибга солиш ва ҳудудни сел вайронгарчилигидан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган гидротехника иншооти; седдан ҳимоя воситаларининг асосий тури. Сел омбори аксарият сой ўзанларини тўғон билан тўсиб барпо қилинади. Тўғонлар тупроқ, қумлоқи ва шағалли тоштупроқлар, темирбетон конструксиялар ва бошқалардан қурилади. Кичик Со. сиғими минг ва ўн минг м³, катталариники эса бир неча млн. м³ бўлиши мумкин. Со. сел оқимларини тутиб қолади, тош ва лойқани чўктиради, тинган сувни махсус сув чиқаргич орқали ташлама тармоққа ўтказиб юборади. Сув чиқаргичлар (очиқ ёки ёпиқ) автоматика билан жиҳозланиб, лойқалик даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, сувни ўтказиб юборишни таъминлайди.

Катта муваққат оқимга эга бўлган сойларда мустақил сув ташлаш йўлига эга бўлган махсус Со. қурилган (Наманган вилоятида сиғими 3,4 млн, м³ бўлган Ғирвон, Тожикистоннинг Суғд вилоятида 5,6 млн. м³ ли Ўткенсой Cо.). Унча катта бўлмаган сойларда қурилган кичик омборлар ягона системага бирлаштирилади (ҳар бир системада 40—50 тагача Сел омбори бўлиши мумкин). Йирик замонавий ҳимоя системалари ўнлаб Сел омборини бирлаштиради. Андижон вилоятида 16 дан 42 гача омбори бўлган селдан ҳимоя системаси қурилган.

Ад.ҳ Исмоғилов Х. А., Сел ва ундан сақланиш, Т., 1988.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил