Semyon Narishkin
Семён Василевич Наришкин (1731-1800) – Наришкинлар авлодидан бўлган рус амалдори ва ёзувчиси[1]. Берг коллегияси вице-президенти (1775-1778), Санкт-Петербург кончилик мактаби директори (1776 – 1777). Генерал-поручик В. В. Наришкиннинг ўғли[2].
| Семён Наришкин | |
|---|---|
| Таваллуди | 1731-йил |
| Вафоти | таҳминан 1800-йил |
| Ижод қилган тиллари | рус тили |
| Фуқаролиги |
|
Биографияси
Адабиётчи Алексей Наришкиннинг катта акаси. 1749-йилдан бошлаб Семёнов полкининг лейб-гвардиясида хизмат қилган, Етти йиллик урушда қатнашган, 1765-йилда подполковник унвони билан исте’фога чиқган[3]. Сўнгра фуқаролик идорасида хизмат қилди, аввал Ҳукумат Сенатининг 1-департаменти ижрочиси, кейинчалик эса Берг-коллегияси прокурори лавозимларида ишлади. 1767-йилда ўша пайтдаги Москва губерниясининг Михайловский уездидаги зодагонлар томонидан Янги Қонунлар тўплами лойиҳасини тузиш комиссиясига депутат этиб сайланди ва „ўрта табақадаги одамлар тўғрисида“ги махсус комиссияда қатнашди. Депутат сифатида аслзода бўлмаган ҳолда офицерлик унвонигача кўтарилган шахслардан насл-насабли дворянларни ажратиш ғоясини қўллаб-қувватлади. 1775-йилда давлат маслаҳатчиси С. В. Наришкин Берг-коллегиянинг вице-президенти лавозимида М. Херасков ўрнини эгаллади.

Семён Василевич ўша давр адабий доираларида сермаҳсул ёзувчи сифатида танилган эди. 1757-йилда Штрубе де Пирмоннинг „Россия қонунларининг бошланиши ва ўзгаришлари ҳақида нутқ“ номли асарини таржима қилди. Александр Сумароков таъсирида кўплаб элегиялар ва бошқа кичик ше’рлар ёзиб, уларни академик „Ойлик тўпламлар“да, шунингдек „Фойдали ҳордиқ“ ва „Меҳнаткаш асалари“ журналларида чоп эттирган. Унинг „Ҳақиқий дўстлик“ номли комедияси („Дидро услубида“) ҳам бор; Семён Василевич ёзган иккита мактуб 1761 ва 1765-йилларда нашр этилган. Наришкин асарларининг адабий фазилатлари ҳақида унинг дўсти Н. И. Новиков жуда юқори фикрда бўлган.
1778-йилда „бир йилга ишдан бўшатилган“, шундан кейин ёзувчи ҳақида маълумотлар йўқолган[4]. 8 (19)-сентябрда вафот этиб, Александр Невский лаврасининг Лазаревский қабристонига дафн этилган. Қабр тошидаги эпитафияга кўра, умрининг сўнгги йилларида руҳий хасталикдан азият чеккан: „Нозик туйғулар туфайли соғлом фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлди ва тўққиз йил азоб чекиб, абадий ҳаётга рихлат қилди.“
Хотини Мария Ивановна (1738-1807) генерал-фелдмаршал Н. И. Салтиковнинг туғишган синглиси эди. У Луврда сақланаётган Левицкий чизган портретидан машҳур. Бу портретни 1773-йил кузида Катта денгиз кўчасидаги Наришкинлар хонадонида яшаган Дидро Франсияга олиб кетган. Ўша ерда Левицкий файласуфнинг ўзини ҳам тасвирлаган[5].
Манбалар
- ↑ .
- ↑ „Директора Горного училища“. 2017-йил 15-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 15-апрел.
- ↑ Серков А. И. Русскоэ масонство. 1731—2000. Энсиклопедический словар. М.: РОССПЕН, 2001 год.
- ↑ Статя В. П. Степанова о Наришкине в „Словаре русского язика ХВИИИ века“.
- ↑ Райский Б. Г. Дидро и братя Наришкини // Франсузский эжегодник за 1982 г. М., 1984.