Сепаратор (лот. сепаратор — ажраткич) — 1) газдан суюқ ва қаттиқ зарраларни, суюқликдан қаттиқ зарраларни ажратиш, қаттиқ ёки суюқ аралашмаларни таркибий қисмларга ажратиш учун мўлжалланган қурилма. Иши суюклик ёки қаттиқ жисм компонентларининг физик хусусиятлари (заррачаларнинг шакли, массаси, солиштирма оғирлиги, магнит хоссаси ва бошқалар) орасидаги фарққа асосланган. сепараторнинг марказдан қочма, магнит, тиндирма, пневматик, ишқаланма, электр ва бошқа хиллари бор. Марказдан қочма сепараторлар (сентрифугалар) да суюқлик ичидаги оғирроқ заррачалар ва суюқликлар марказдан қочма куч таъсирида ажралади. Мойни сув ва механик аралашмалардан тозалаш, сутни қаймоқ ва ёғсиз сутга ажратишда қўлланади. Магнитли сепаратор фойдали минералларни ғовак жинслар ва кераксиз аралашмалардан ажратиш учун ишлатилади. Иши магнит майдонининг турли минерал зарраларига турлича таъсир этишига асосланган. Тиндирма сепаратор бир-бири билан аралашмайдиган 2 суюқликни резервуарда тиндириш йўли билан ажратади, бунда бир-бирига нисбатан паст-баланд жойлашган 2 та труба бўлиб, юқорисидан енгил, пасткисидан оғирроқ суюклик чиқади. Пневматик сепаратор тегирмонда майдаланган материалнинг майда-йириклигини ҳаво оқими таъсирида ростлаш, уни бойитиш ва бошқаларда ишлатилади. Ишқаланма сепаратор фойдали қазилмаларни бойитишда қўлланади. Газ сепараторида газ суюқ ва қаттиқ зарралардан тозаланади. Бунинг гравитацион (газ тезлигини кескин пасайтиришга асосланган), сиклонли (марказдан қочма кучга асосланган) хиллари бор. Сепаратор халқ хўжалигининг кўпгина тармоқларида, мас, ун тортиш корхоналарида, газ саноатида, пахта териш машиналари ва бошқаларда ишлатилади; 2) подшипникларда шар ёки роликларни бирбиридан ажратиб турадиган детал (қаранг Подшипник).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил