Сергели, сирғали (ўзбек тилидаги тўғри ёзилиши сирғали, қозоқ тилида сіргелі) — ўзбек ва қозоқ халқи таркибига кирган қабилалар уюшмаси. Катта жуз таркибига кирган. С.ларнингбир кисми Зарафшон воҳаси қипчоқлари ва Жиззах вилояти юзларининг таркибига майда уруғ сифатида қўшилганлар. Тошкент уездининг Еттикент, Оқжар, Зангиота, Қўшқўрғон, Ниёзбек волостлари ва Тошкент воҳасида С.лар 1074 хонадон (8125 киши)ни ташкил этган (1920-йилда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра). ХИХ аср ва ХХ аср бошларида Қозиқурт, Қаржон, Чимён тогларининг этакларида, Бодом, Келес, Чирчиқ, Оқсоқота дарёлари воҳаларида яшаган. С.лар таркибида 12 қабила (бойжигит, шалдар, ботир, жайдақ, қайчили, қоракунгирдак, оқкунгирдак, қоработир, тутамғали, элибой, жанабой, айтбўзим) мавжуд бўлган. Бу қабилалар, ўз навбатида, бир қанча майда уруғларга бўлинган. С.ларнинг ўз тамғаси ва урони (сурони) мавжуд бўлган. Улар этногенезига кўра, дўглат, уйсун қабилалари билан қардош ҳисобланади. С.лар, асосан, ярим кўчманчи чорвачилик, қисман деҳқончилик, ҳунармандчилик (алача, шол тўқиш, кигиз босиш) билан шуғулланган. С.ларнинг авлодлари Тошкент вилоятининг Янгийўл, Юқори Чирчиқ туманларида ва Чимкент вилоятида яшаб келмоқда. Айрим туманлар топонимида С.лар таркибидаги уруғ номлари сақланиб қолган. Тошкент шаҳридаги туманлардан бири С. деб аталади.

Адабиёт

  • Шониёзов К. Ш., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил