Сергей Николаевич Наумов (1874.6.7, Калуга — 1933.11.12, Тошкент) — кимёгар. Туркистон университети профессор (1920-йилдан). 1920—24 йилда шу университет тиббиёт бўлими декани, лаборатория мудири (1924—25), органик кимё кафедраси мудири (1925-йилдан). Н.нинг нафтенлар соҳасидаги илмий тадқиқот ишлари катта аҳамиятга эга. Н. томонидан синтез қилинган 1,4-диметилгексаметилен янги модда сифатида тан олинган. У хинон ва то-лухинондибромидлар тузилишини, хоссаларини ўрганиш соҳасида чуқур изланишлар олиб борди, 2,3-сиклогек-сандион 1,4-дикарбон эфирининг тузилишини топди. Мазкур модда ҳосилаларидан хиноксалин, монооксим, диоксим, моногридразон, бипиразолон, озазон ва бошқаларни синтез қилди. Унинг илмий кузатишлари натижалари ўлароқ изомерланиш реаксияларига анча аниклик киритилди, турли эфир моддалари синтези амалга оширилди. Н.нинг Ўрта Осиё тоғларида учрайдиган табиий селитрани синтез соҳасида қўллаш борасидаги ишлари амалий аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда кимё фанининг ривожланиши, миллий кадрлар тайёрлаш, янги йўналишдаги илмий ва илмий-услубий ишларнинг йўлга қўйилишида Н.нинг хизматлари катта. Унинг шогирдлари орасида СЙУ.Юнусов, О.С. Содиқов, ҳ.Рустамов, К.С. Аҳмедов каби машҳур кимёгарлар бор. Ўзбекистон миллий университетининг кимё факултети профессор С.Н.Наумов номи билан аталади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил