Сергей Николаевич Иванов (1922.11.4 – Санкт-Петербург –1999.20.3) — рус туркийшуноси, таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1981), филология фанлари доктори (1970), профессор (1971). Ленинград университетининг шарқ факултетини тугатган (1951). Бухоро педагогика институтида ўқитувчи, ректор ўринбосари (1951—53), Ленинград университетида ўқитувчи (1953–71), кафедра мудири (1972-йилдан). И.нинг илмий ишлари туркий тиллар грамматикаси, ўзбек адабий тили ва таржима назарияси масалаларига бағишланган ("Ўзбек тили синтаксисидан очерклар", 1959; "Абулғозихоннинг "Шажараи турк"и. Грамматик очерк", 1969; "Турктили грамматикаси курси", 1–2 қисм, 1975, 1977 ва бошқалар.). И. Алишер Навоийнинг юзлаб ғазал, рубоий, фард, қитъа, туюқларини рус тилига таржима қилган. Шоирнинг рус тилида чиққан 10 жилдли (1968–70) асарларида муҳаррир сифатида иштирок этган. Бундан ташқари, И. Лутфий, Гадоий, Саккокий, Нодира, Муқимий каби мумтоз шоирлар билан бир қаторда янги адабиётимиз вакиллари Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ойбек, Усмон Носир, Уйгун, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва б. шоирлар шеъриятидан намуналарни ҳам рус тилига таржима қилган. Иванов таржималари орасида икки асар таржимаси алоҳида диққатга сазовор. Улардан бири ХИ асрнинг букж маданий ёдгорлиги ҳисобланадиган Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" (1990-йилда таржима қилинган) асари бўлса, иккинчиси Алишер Навоийнинг "Лисон ут-тайр" (1970-йилда таржима қилинган) достонидир. Ҳар икки таржима ҳам илмий жамоатчилик томонидан юксак баҳоланган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил