Сестодозлар — сестодалар ва уларнинг личинкалари қўзғатадиган инвазион касалликлар (гелминтозлар). Одам ва ҳайвонларда учрайди. Сестодаларнинг етилган (тасмалик) шакллари одам ҳамда ҳайвонлар ичагида яшайди ва урчийди, улар тухуми ахлат билан ташқи муҳитга чиқади ва личинка даври оралиқ хўжайин (чўчқа, ҳўкиз, балиқ ва бошқалар) танасида кечади. Сестода личинкалари — финналари (қаранг Финка) одамга чала пиширилган балиқ, қорамол гўштини истеъмол қилганда ўтади. Улар одам ингичка ичагида жинсий етилади ва паразитлик қилади. Сестодаларнинг эхинококк шакли одам ва ўтхўр ҳайвонларнинг жигар, ўпка, мия, кўмик ва ҳоказо аъзоларида паразитлик қилади. Етук сестодалар қўзғатадиган касалликлар бирмунча енгилроқ кечиб, баъзан ҳазм аъзолари ва нерв системаси фаолияти бузилади. Сестода личинкалари қўзға-тадиган эхинококкоз, систицеркоз, сенуроз каби касалликлар анча оғир ўтади. Касалликнинг шаклига қараб даволанади. Олдини олиш учун гушт маҳсулотларини етарли пишириб истеъмол қилиш, уй ҳайвонлари (итлар) билан яқин мулоқотда бўлмаслик, оқар сувлар ва ўтлоқ жойларни ифлослан-тирмаслик, шахсий ва овқатланиш гигиенасига қатъий риоя килиш, беморларни тўла-тўкис даволаш зарур.

Ҳайвонларда авителлиноз, мониезиоз, сенуроз, систицеркоз, эхинококкоз ва бошқа учрайди. Ичак С.ида овқат ҳазм қилиш бузилади, эхино-коккозда жигар, ўпка соҳаларида оғриқ пайдо бўлади, қўйлар сенурозида эса ҳаракатни бошқариш бузилади. Касал ҳайвонлар ўсмайди, озади. Касаллик антигелминтлар билан даволанади. Олдини олиш ва кураш чоралари гелъминцизлантириш ва ветеринариясанитария қоидаларига риоя қилишдан иборат.