Сейсмик хизмат — Ер юзидаги зилзиларни доимий равишда кузатиб турадиган хизмат. Сейсмик хизматнинг асосий вазифаси дастлаб сейсмостансияларда сейсмографлар ёзиб олган сейсмограммаларни синчиклаб ўрганиб, зилзила ўчоғидаги параметрлар (вақти, чуқурлиги, магнитудаси)ни аниқлашдан иборат. Бу маълумотлар асосида тебранишларнинг эпицетрдаги координатлари ва бошқа кўрсаткичлари аниқланади ва каталоглари тузилади. Каталоглар (зилзила параметрлари рўйхати) сейсмик бюллетенларида умумлаштирилган ҳолда тўпланади ва тегишли ташкилотларга юборилади.

Сейсмик хизмат бир қанча мамлакатларда, шунингдек, ЙУНЕСКО, НАТОда амалга оширилади. Бундан ташкари, Россияда сеймик кузатувлар ягона системаси, АҚШда миллий сейсмик хизмати, Японияда метеорология агентлиги, ХХРда давлат Сейсмологик бюроси, Европада Европа сейсмологик комиссияси ва Канада, Янги Зеландияда Сейсмик хизматни бажарувчи ташкилотлар мавжуд. Улардан олинган зилзилалар ҳақидаги маълумотлар Буюк Британиядаги Халқаро сейсмология марказида тўпланади ва таҳлил этилади. Бу марказ жаҳондаги барча Сейсмик хизмат маълумотларини координация қилади. Сейсмик хизмат кузатувидан олинган маълумот натижаларидан Ер пўсти ва ундан ҳам чуқурроқ қатламларда бўлаётган геодинамик жараёнларни, умуман Ернинг тузилиши ва унинг геофизик хусусиятларини ўрганишда фойдаланилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил