Shaftoli

Шафтоли (Персиcа) — раънодошлар оиласига мансуб бўлган мевали дарахт; Ватани — Ўрта Осиё.
АҚСҲ, Европанинг жануби, Япония, Хитой, Туркия, Ўрта Осиё, Кавказортида кенг тарқалган. Бундан 2 минг йил олдин маданийлаштирилган. 5000 га яқин нави бор. Ҳозирги даврда Шимолий ва Жанубий ярим шарнинг барча субтропик ва тропик мамлакатларида ўстирилади. Жаҳон бўйича ялпи ҳосили 12,0 млн. тонна (1999-йил). Ўзбекистонда экин майдони жиҳатидан мевали дарахтлар орасида 3-ўринни эгаллайди.
Боғдорчиликда, асосан, оддий шафтоли навлари ўстирилади (бошқа турларидан манзарали ўсимлик ёки пайвандтаг сифатида фойдаланилади). Бўйи 3-9 м, барги кетма-кет жойлашган, наштарсимон, гуллари икки жинсли. Меваси серсув (50-600 г. гача), данакли, ясси думалоқ, тухумсимон, оқиш яшилдан тўқ қизилгача, тукли ва туксиз (луччак). Эти кўкимтирроқ, оч пушти, сариқ, тўқ қизил, данагидан ажралади (ажралмайдиган навлари ҳам бор), мазаси нордонширин, ширин. Таркибида 80-90% сув, 10-14% қанд, 0,081-02% олма, вино, лимон кислота, 0,56-1,26% пектин, шунингдек, ошловчи ва азотли моддалар; А, C, Б витаминлари; данаги мағзида 20-60% ёғ, амигдалин, оқсил моддалар ва бошқалар бор. Янгилигида ейилади, қоқи, консерва (жем, мураббо, компот) қилинади, барги ва гули қайнатмаси халқ табобатида бош оғриғи, ревматизм, ошқозон-ичак касалликларини даволашда қўлланади. Шафтоли яхши асал берувчи дарахт.
Шафтоли данагидан ва пайванд қилиб кўпайтирилади. Пайвандтаг сифатида оддий шафтоли ва бошқалар турлари уруғ кўчати, бодом, тоғолча, баъзан ўрикдан фойдаланилади. Ҳосилдорлиги 200-400 с/га. Экилганидан кейин 3-4 йилда ҳосилга киради. 12-15 йил яхши ҳосил беради (1 та дарахт 100-150 кг гача). Ўзбекистонда апрелда гуллайди, навига қараб меваси май-октабр ойларида пишади. Шафтоли нисбатан иссиқсевар, ёруғсевар ва —15, — 20° ли қисқа совуқларга чидайди, —25° да нобуд бўлади, айниқса, гуллаган пайтида баҳорги совуқлардан кўп зарарланади. Кўчати кузда ва баҳорда 25-30 см чуқурликда ҳайдалган ерга 5х4, 5х5, 6х3 м схемада экилади. Ёш дарахтлар вегетация даврида 15-16, ҳосилга кирганлари 4-5, тошлоқ ерларда 10-12 марта суғорилади. Шаҳрига косасимон шакл берилади ва ҳар йили эрта баҳорда буталади. Ўзбекистонда 50 га яқин навлари етиштирилади. Шафтолининг эртапишар — Анжир шафтоли, Лола, Мореттини; ўртапишар — Зафар, Старт, Малиновий, Элберта, Ширинмағиз, Оқ шафтоли; кечки — Салвей, Фарҳод навлари кўп экилади.
Касалликлари: барг бужмайиши, шира оқиши, доғланиш ва бошқалар.
Зараркунандалари: Шафтоли барг бити, шафтоли куяси, шафтоли тана бити. Уларга қарши баҳорда куртаклар бўртишига қадар инсектицидлар ва фунгицидлар билан ишлов берилади.
Манбалар
Адабиёт
- Ўрик, шафтоли, олхўри, Т., 1960; Помология Узбекистана, Т., 1983; Собиров М. Қ., Томорқа боғдорчилиги, Т., 1991
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |