Шаҳристон — Шарқда ўрта асрларда шаҳарларнинг маркази, мудофаа девори билан мустаҳкамланган асосий қисми.

Сарой (баъзан арк), жоме масжид, ёпиқ (тим) ёки очиқ бозор, бош майдон — регистон, муҳим маъмурий бинолар, ҳукмдор ва унинг яқинларининг қўрғонлари, шунингдек, оддий аҳоли хонадонлари ва бошқалар бўлган. Илк даврларда унда боғ, экинзорлар ҳам бўлган. қадимий Бухоро шаҳри аркдан алоҳида қурилган (Наршахийнинг ёзишича, аркнинг бир дарвозасидан арк олдидаги майдон — регистонга, 2-дарвозасидан шаҳристонга чиқилган).

Шаҳристонлар йирик асосий кўчалар билан бир неча даҳаларга бўлинган. Масалан, Бухоро шаҳриида ғарбдан шарққа, шимолдан жанубга ўтган кўча шаҳристонни 4 тенг қисмга бўлган. шаҳристонда дастлаб деҳқонлар, араб истилосидан кейин савдо ва ҳунармандчилик ривож топгач, савдогарлар, ҳунармандлар (ҳоким табақа билан бир шаҳристонда) яшаганлар. Кейинги асрларда шаҳристон атрофида ташқи шаҳар — рабод қурилган. Марказий Осиёда қўш — ички ва ташқи рабод билан ўралган шаҳристон ҳам бўлган (масалан, Бинкат).

Бир-бирига яқин шаҳарлар гуруҳи ҳам шаҳристон деб аталган.