"Шажарайи Тарокима" ("Туркманлар шажараси") — тарихий асар, муаллифи ўзбек тарихчиси Абулғозий Баҳодирхон. Эски ўзбек тилида ёзилган (1661).

Асарда Одам-ато ҳақидаги диний характердаги афсоналар, ўғуз-туркманлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда реал асосга эга бўлган воқеалар баён қилинган. Обида туркий кабилалар, хусусан, туркман халқининг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлари билан қимматлидир. Унда барча туркий қабилаларнинг афсонавий ҳукмдори Ўғузхон ва унинг авлодлари тарихи, шунингдек, туркман уруғлари — солур, така, бояндур, теваги, ёвмут, Хизр эли, Али эли, сариқ, эрсари, ёзир ва бошқаларнинг генезиси хусусида қисқа маълумотлар берилган.

Манбанинг танқидий матни, рус тилига таржимаси ва илмий тадқиқи 1958-йил академик А.Н.Кононов томонидан чоп этилган. Асар 1992-йил жорий алифбода Тошкентда нашр қилинди.

Адабиёт

  • Кононов А.Н., Родословная туркмен. Сочинение Абул Газихана Хивинского, М.Л., 1958.