Шамсуддин Самарқандий(арабча: شمس الدين سمرقندي — Шамсуддин Самарқандий — Тўлиқ исми: Шамсиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (вафоти 1378-йил)) — фақиҳ ва қироат олими.

Шамсуддин Самарқандий
Шахсий маълумотлар
Дини Ислом
Танилган соҳаси Фақиҳ, Қироат олими


Ҳаёти

Шамсуддин Самарқандий номи билан машҳур бўлган олимнинг тўлиқ исми — Шамсуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий бўлиб, ўз замонасининг машҳур Қуръон ва бошқа илмлар олимларидан бири сифатида бутун мусулмон оламида танилган. Унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида, асосан, араб манбаларида маълумотлар келтирилган бўлиб, алломанинг таваллуд топган йили номаълум. Ҳамадонда[1] туғилган, яна бошқа манбаларда, асли Ҳамадонлик, Бағдодда[2] таваллуд топгани қайд этилган. Тахминан 780/1378-йилда вафот этган. Шамсуддин Самарқандий асли самарқандлик бўлиб, умрининг кўп қисми Бағдодда ўтган. Аллома ҳаёти ҳақидаги маълумотлар бизгача жуда ҳам оз етиб келган. Манбаларда унинг бирор бир мансаб соҳиби бўлгани ёки ҳукуматда тутган ўрни ҳақида хабар берилмаган. Мавжуд манбаларда қаерда вафот этгани ва қаерга дафн этилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам берилмаган. Келтирилган маълумотларда алломанинг таржи­маи ҳолидан кўра, унинг қолдирган илмий мероси — асарларининг хабари билан чекланилган. Бир қанча манбаларда у кишини форс бўлган деб таъкидланган[3]. Алломанинг қироат илмида ўз даврининг етук алломаси бўлиб етишишида устозларининг ҳиссалари катта бўлган. Аллома қироатдаги тажвид, Қуръон тиловатидаги таянч, зеб бериш, қатъият ва тартиб қоидалари сирларининг ҳар бирини ўша даврнинг буюк қорилари ва қироат борасидаги машҳур бўлган олимларидан таълим олган. Жумладан: Ибн Абд номи билан таниқли Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад, Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ибн Фасиҳ Кўфий, Девоний, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Асадий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳруқ, Саййид Ризо Ҳусайн ибн Қатода ибн Мазруъ, Юсуф ибн Абу Жаъфар ибн Абдурраззоқ Ансорий[4] ва бошқа уламолар ҳисобланади. Шамсуддин Самарқандийнинг бизга маълум бўлган шогирдларидан бири Қуръон, луғат, наҳв, фиқҳ ва бошқа илмлар билан машғул бўлган Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Жалол Абу Тоҳир ибн Шамс ибн Жалол ибн Жалол Хўжандийдир (тав. 719/1319)[5]. Қуръон тиловати ва ҳанафий мазҳабининг фиқҳий усуллари бўйича Асъад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Жалолиддин Широзий[6] ҳам алломадан таълим олган. Алломанинг бошқа шогирдлари ҳам жуда кўп бўлган, аммо мавжуд манбаларда улар ҳақида маълумот берилмаган.

Фаолияти

Шамсуддин Самарқандий қобилиятли, ўз иши­­нинг устаси бўлиб, етук қироат ва тажвид олими бўлган. Аллома асосан, қироат ва Қуръон тўғрисидаги асарларни ёд билган. У қолдирган илмий меросларда бизга маълум бўлган асарлари: кичик китобча бўлган „Ас-саноиъ“ („Маҳорат“), жадвали билан ёзилган „Ал-қироату-с-сабъ“ („Етти хил қироат“), „Кашфу-л-асрор фи расми масоҳифи-л-амсор“ („Турли шаҳарлардаги мушафларнинг ёзувидаги сирларнинг кашф этилиши“), „Ат-тажрид фи-т-тажвид“ („Тажвиддаги тажрид“), назм қилиб битилган „Ал-ақду-л-фарид фи назми-т-тажрид“ („Тажрид назмидаги ягона маржон“), „Ал-мабсут фи-л-қироати-с-сабъ“ („Етти хил қироатдаги муфассал маълумот“), „Изоҳу-л-ҳаво-лиф фи расми масоҳифи-с-саволиф“ („Салафлар томонидан кўчирилган Мушаф нусхаларидаги хатларнинг турли-туманлигига изоҳ“), „Изоҳу-л-қавоид фи-л-муаммо“ („Муаммо жанри ҳақидаги қоидаларга изоҳ“), „Равҳу-л-му-рид фи шарҳи-л-ъиқди-л-фарид“ („Ягона маржон шарҳидаги шогирднинг шодлиги“), „Ал-қасидату-л-фоиҳа фи тажвиди-л-фотиҳа“ („Фотиҳа тажвидида кенг (ёқимли) қасида“) ва унинг шарҳидан иборат бўлган китоблардир. Аллома ушбу китобларни ҳар томонлама чуқур мулоҳаза билан битиб, ўз даврининг йирик олими даражасига етишган. Алломанинг ёзган асарлари қироат илмини ўрганишликда катта аҳамиятга эга бўлган. Энг зарур илмлардан бири бўлган қироат илми Аллоҳ таолонинг каломини ўз ўрнига қўйиб, тартиб билан тўғри ўқишга хизмат қилади. Аллома бу туйғуни ҳис қилиб қироатга тегишли бўлган мана шундай асарларни битишга жазм қилган. Аллома темурийлар даври, айнан Амир Темур ҳукмронлик қилган вақтда яшаб ижод этган. Амир Темур алломанинг асарларини мутолаа қилиб чиққан ва „Ас-саноиъ“ („Маҳорат“) асари ҳақида: „Аллома китобда Мус’ҳафни ўқишда лозим бўладиган йўл-йўриқларни ўз хати билан ёзган. Улар бир неча мингга етади ва у (китобча) қироатга тааллуқли бўлган муҳим фойдаларни ўз ичига олган“[7] — деган. Аллома ўзининг илмий меросларида Қуръон луғатларини, калималарининг таҳрири, ҳарфлари­ни махраж ва сонларини билиш, сўзлар, оятлар, суралар, бўлимлар ҳақида ва барча қоидаларни ўрганиб ижод қилган. Афсуски, биздаги маълумотларда алломанинг асарлари сақланиб қолганми, йўқми ва мавжудлари қаерда сақланаётгани тўғрисида келтирилмаган.[8]

Асарлари

  • „Ас-санои’у-л-лати илтаза-маҳа фи Мушаф“,
  • „Ал-қироату-с-саб’а“,
  • „Кашфу-л-асрор фи расми масоҳифи-л-амсор“,
  • „Ат-тажрид фи-т-тажвид“,
  • „Ал-ақду-л-фарид фи назми-т-тажрид“,
  • „Ал-мабсут фи-л-қироати-с-саб’“,
  • „Ийзоҳу-л-ҳаволиф фи расми масоҳифи-с-саволиф“,
  • „Ийзоҳу-л-қоваид фи-л-муаммо“,
  • „Равҳу-л-мурид фи шарҳи-л-’иқди-л-фарид“,
  • „Ал-қасидату-л-фоиҳа фи тажвиди-л-фотиҳа“

Адабиётлар

Манбалар

  1. ↑ Зириклий. Ал-аълом. Ж. 7. Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. — Б.87.
  2. ↑ Ибн Жазарий. Ғояту-н-ниҳоя фи табақоти-л-қурро. Ж. 2. — Байрут. Дору-л-кутуби-л-илмия, 2006. — Б. 227.
  3. ↑ Қаранг. Ғояту-н-ниҳоя. Ж. 2. — Б. 260; Кашфу-з-зунун. — Б. 1152, 1582.
  4. ↑ Ибн Жазарий. Ғояту-н-ниҳоя фи табақоти-л-қурро. Ж. 2. — Байрут: Дору-л-кутуби-л-илмийя, 2006. — Б. 228.
  5. ↑ Саховий. Аз-зуъу-л-ломиъ. Ж. 2. — Байрут: Дору-л-жийл, 1992. — Б. 194-195.
  6. ↑ Ибн Ҳажар Асқалоний. Инбоу-л-ғамр би абнои-л-умр. Ж. 4. — Байрут: Дору-л-кутуби-л-илмийя, 1986. — Б. 263.
  7. ↑ Зириклий. Ал-аълом. Ж.7. Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. — Б. 87.
  8. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 591-593.