Искандарова Шарифа Мадалиевна – олима. Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори. У 1963-йил 12-январда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. 1984-йили Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)ни имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1994-йилда „Ўзбек нутқ одатининг мулоқот шакллари“ мавзусида номзодлик, 1999-йилда „Ўзбек тили лексикасини мазмуний майдон сифатида ўрганиш (шахс микромайдони)“ мавзусида докторлик диссертацияларини ёқлаган. 2008-йилда профессор илмий унвонига эга бўлган.

Илмий фаолияти

Олима 6 та монография, 30 га яқин ўқув-услубий қўлланма, 300 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Жумладан, унинг университет филология йўналиши бакалавр ва магистр-талабалари учун „Ўзбек тилининг назарий грамматикаси. Морфология“, „Систем тилшунослик асослари“, „Умумий тилшунослик“, „Тилшунослик назарияси“, „Тилшуносликнинг назарий масалалари“, „Тил структураси“, „Назарий тилшунослик“, „Ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари“ сингари дарслик ва қўлланмалари филологиянинг долзарб илмий манбалари сифатида кенг қўлланилиб келинмоқда. Ш. Искандарованинг илмий раҳбарлигида 21 та докторлик ва фалсафа докторлиги ишлари муваффақиятли ҳимоя қилинган, айни пайтда 10 нафардан ортиқ шогирдлари илмий изланиш олиб бормоқда. Олима 2007-2012, 2016-2018-йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, шунингдек, Фарғона давлат университети ҳузуридаги Ихтисослашган Кенгаш аъзоси бўлган. 2017-йилдан буён Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти ҳамда Фарғона давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий Кенгаш аъзоси сифатида қатор докторлик ва номзодлик диссертацияларининг муҳокамасида иштирок этган. Шу кунга қадар 60 дан ортиқ докторлик диссертацияларига расмий оппонентлик қилган.

Мукофотлари

Олиманинг илм-фан йўлидаги фидойи меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан 2006-йилда „Шуҳрат“ медали, 2012-йилда „Меҳнат шуҳрати“ ордени, 2016-йилда „Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил“ кўкрак нишони, „Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги“ танлови республика босқичининг гуманитар фанлар таълим соҳаси бўйича 2016-йил учун „Мутахассислик бўйича энг яхши педагог“ номинацияси ғолиби, 2019 йилда „Фарғона давлат университетида хизмат кўрсатган профессор“ фахрий унвонини ҳамда 2021-йилда „Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси“ фахрий унвони билан мукофотланган.