Sharqiy Yevropa platformasi
Шарқий европа платформаси (Рус платформаси, Европа платформаси) – йирик платформалардан бири, Ер пўстининг қадимий рифейгача бўлган даврига мансуб. Шарқий ва Шим. Европанинг катта қисмини эгаллаб, Скандинавия тоғларидан Уралгача ва Баренс денгизидан Қора ҳамда Каспий денгизларигача чўзилган. Платформа чегараси шим.шарқ ва шим.да Тиман кряжи бўйлаб ҳамда Кола ярим орол қирғоқларидан, жан, ғарбда эса – Ўрта Европа текислигида Варшава яқинидан, шим.ғарбда Болтиқ денгизи ва Ютландия ярим оролнинг шим. қисмидан ўтади. Ш. Шарқий европа платформасида рифейгача бўлган бурмаланган қадимий кристалли замин билан унинг устида ётган чўкинди жинслар қоплами ажралиб туради. Замин платформанинг фақат шим.ғарбида (Болтиқ қалқони) ва жан.ғарбидагина (Украина қалқони) ер юзасига чиқиб ётади. Қолган катта майдонда у чўкинди ётқизиқлари билан қопланган. Ш. Шарқий европа платформасининг заминида кучли метаморфлашган ва бурмаланган чўкинди ҳамда магматик жинслар бўлиб, бу жинслар катта майдонларда гнейс ва кристалли сланецларга айланган. Платформа заминининг аксари қисми (ғарбий чеккаси бундан истисно) юқори протерозой бошларида (1600 млн. йил олдин) шаклланган. Ш. Шарқий европа платформаси тарихида 2 йирик давр ажралиб туради. 1-давр архей, қуйи ва ўрта протерозой даврларини (3500—1600 млн. йил) ўз ичига олади, бунда кристалли замин шаклланган; 2-даврда (юқори протерозойдан антропогенгача) эса платформанинг ўзи ривожланиб, чўкинди қоплам ва ҳозирги структура ҳосил бўлган. Палеозой даврининг охирларида Ш. Шарқий европа платформасининг структуралари қайта тикланиши натижасида ер сатҳининг катта қисми қўтарилган. Бунга шарқда содир бўлган Урал-Тяншан геосинклинал минтақасидаги герсин даврининг бурмаланиш ҳаракати таъсир кўрсатган. Заминдаги фойдали қазилмалар: темир рудаси (Кривой Рог ҳавзаси, Курск магнит аномалияси, Кируна), никел, мис, титан рудалари, слюдалар, пегматитлар апатит ва бошқалар Чўкинди қопламда ёнувчи газ ва нефт қатламлари (Волга – Урал антеклизаси, Припят ботиғи), тош тузи ва калий тузи конлари (Кама, Урал олди, Припят ботиғи), қазилма кўмир (Лвов, Донецк, Москва ёни ҳавзалари), фосфорит, боксит, қурилиш хом ашёси (оҳактош, доломит, гил ва бошқалар) конлари, шунингдек, чучук ва минерал сувлар бор.[1]
Манбалар
- ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Шарқий Европа платформаси“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ш-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |