Шашлик ёки кабоб — чўғда пишириб (куйдириб) тайёрланадиган гўштли таом. Анъанавий шашлик тиндирилиган ва ўртача катталикда тўғралган гўштдан тайёрланади.

Шашлик
Тури Асосий таомлар
Келиб чиқиши

Евросиё

Муаллифи Евросиё халқлари
Асосий компонентлари гўшт (асосан қўй, мол, чўчқа ва товуқ гўшти)
Ўхшашлари барбекю
Рецепти Шашлик

Гўшт, жигар, буйрак, думба, чарви ва бошқа масаллиқлардан сих кабоб, титрама кабоб, қозон кабоб, парранда кабоб, қийма кабоб, тандир кабоб, помидор кабоб, думбул кабоб, чарви кабоб, лўла кабоб ва бошқа турлари бор. Сих кабоб — қўй гўштининг лаҳм ҳамда думба қисмларидан олиб, ҳар бири 10-12 г келадиган лўнда-лўнда бўлакларга бўлинади, унга майда тўғралган пиёз, туз, қалампир (мурч), кашнич уруғи, зира, узум сиркаси (анор ёки лимон суви) аралаштирилади. Масаллиқ сирланган ёки чинни идишга солиниб, бир неча соат (4 соатдан 24 соатгача) салқин жойда сақланади. Сўнгра гўшт сихга 5-6 бўлакдан қилиб ўтказилади (сихнинг учида ёғ бўлиши керак). Сихлар қўрада тошкўмир ёки писта кўмир чўғида пиширилади. Кабобнинг бир томони қизариб пишгандан сўнг иккинчи томонини ағдариш керак. 1 кг гўштга 2-3 бош пиёз, 1 чой қошиқ туз, 4 ош қошиқ узум сиркаси (ёки бир дона лимон), таъбга кўра зиравор керак бўлади. Қийма кабоб — гўшт қиймалагичдан 2 марта, пиёз бир марта ўтказилгач, қийма тайёрланади. Қиймага тухум чақилиб қалампир, туз аралаштирилади. Сўнг қиймадан 50-60 г келадиган котлеталар ясалади ва узунасига сихга ўтказилади. Кифта устига ун сепиб юқорида айтилгандек чўғда пиширилади. 1 кг гўштга 3 бош пиёз, 1 дона тухум, 3-4 қошиқ ун; зираворлар керак бўлади. Думбул кабоб — маккажўхорининг думбул сўтасидан тайёрланади. Тозаланган сўта 3-4 см дан қилиб кесилади ва намакобга 2-3 соат солиб қўйилади. Сўнг 2-3 донадан қилиб сихга ўтказилади ва лахча чўғда пиширилади.

Кабоб Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ, Кавказ халқларининг севимли таоми ҳисобланади. Кабобни аслида чорвадор халқлар о'йлаб топишган.

Адабиёт

  • Махмудов К., Ўзбек таомлари, Т., 19[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил