Шавкат Воҳидов (1932.11.10, Самарқанд — 03.11.2008) — физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академик (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), "Коинот" илмий ишлаб чиқариш бошқармаси Бош директори (1980-йилдан). Ўзбекистон Республикаси Космонавтика федерацияси президенти (1987-йилдан), иқтидорли мактаб ўқувчилари Халқаро аэрокосмик мактаби ташкилотчиси ва раҳбари (1990-йилдан). Илмий ишлари қаттиқ жисмлар физикаси, космонавтика, спектроскопия, кристаллография, радиотехника ва алоқа, асбобсозликка оид. В. раҳбарлигида орбитадаги сунъий йўлдошларга метеорлар, фазодаги чиқиндилар ёки махсус жисмлар билан таъсир кўрсатилганда шу ҳодиса қачон ва қаерда содир бўлганлигидан хабар берадиган ихчам йўлдош, шунингдек табиий офатлар (сел, қор уюмининг кўчиши ва б.) юз беришидан хабар берадиган ва олдини оладиган асбоблар, қишлоқ хўжалиги ускуналари яратилди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил