Шелда, Эско — Европадаги дарё, Франсия, Белгия ва Нидерландия ҳудудларидан оқади. Узунлиги 450 км, ҳавзасининг майдони 35,5 минг км². Фландрия текислиги бўйлаб оқади ва эстуарий ҳосил қилиб, Шимолий денгизга қуйилади. Асосий ирмоқлари — Лис (чапдан) ва Рюпел (ўнгдан). Ўртача сув сарфи 100 м³/сек., қуйи қисмида денгиз сув кўтарилишлари рўй беради. Дарёда кема қатнайди, Антверпен шаҳригача денгиз кемалари ҳам кира олади. Каналлар орқали Сена, Сомма, Маас дарёлари билан боғланган. Ш. бўйида Гент, Антверпен шаҳрилари жойлашган.

Манбалар