Шерна бахши (Шерназар Бекназар ўғли) (1855-йил, Азон қишлоғи, Шеробод беклиги, Бухоро амирлиги — ХХ аср 1-ярми, Ўзбекистон СССР, СССР) — бахши, достончи. Шеробод достончилик мактаби вакили. Бахшилар оиласида туғилган, 9—10 ёшларидаёқ дўмбира чалиб, куйлай бошлаган. Сўнг шерободлик Қосим (шоир) бахшига шогирд тушган. Шерободдагина эмас, Сурхондарё, Қашқадарёда, ҳатто Тожикистон ва Туркманистонда ҳам машҳур бўлган. Репертуарида 50 дан ортиқ достон, термалар, дўмбира куйлари бўлган. Шерна бахши Умир бахши (Сафаров), Ражаб бахши Нормурод ўғли, Юсуф Ўтаган ўғли, Мардонқул Авлиёқул ўғли каби 20 дан ортиқ шогирд етиштирган. Халқ Шерна бахши ҳақида ривоятлар тўқиган.