Шерзод Асадов (1981-йил 4-май Шофиркон тумани, Бухоро вилояти, ЎзССР) – ўзбек дипломати. 2025-йил 14-июлдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби. 2021–2023-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби лавозимида ишлаган. Президент Администрацияси раҳбари ва унинг ўринбосарлари лавозими тугатилиши муносабати билан 2023-йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби лавозимида ишлаган.

Шерзод Асадов
 Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби.
Мансаб даври
2025-йил 14-июл дан бошлаб
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби
Мансаб даври
2021 – ҳозирги вақтда
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари
Мансаб даври
2020 – 2021
Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ЙХҲТ ва Вена шаҳридаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили
Мансаб даври
2018 – 2020
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1981-йил 4-май (1981-05-04) (45 ёш)
Шофиркон тумани, Бухоро вилояти, ЎзССР
Касби Дипломат
Маълумоти Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Таржимаи ҳол

1981-йил 4-майда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини „Халқаро иқтисодий муносабатлар“ мутахассислиги бўйича тамомлаган. Рус, инглиз, испан ва турк тилларини билади. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Иш фаолияти

2007–2008-йилларда Ўзбекистон Республикаси ТИВ ташқи сиёсий фаолият таҳлили ва стратегияси Бош бошқармасида референт ва атташе бўлиб ишлаган. 2008–2012-йилларда – Ўзбекистон Республикасининг Сингапурдаги элчихонасида дастлаб атташе, кейин эса учинчи котиб лавозимида фаолият кўрсатган. Узоқ муддатли хизмат сафаридан сўнг иш фаолиятини Ташқи ишлар вазирлиги тизимида давом эттирган. Шундай қилиб, 2012-йилдан 2015-йилгача МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармасида иккинчи котиб, биринчи котиб ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. МДҲ ва ШҲТ тузилмалари билан ҳамкорлик бошқармасидаги фаолияти даврида трансчегаравий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланган. 2015-2017-йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган ва бир вақтда вазирлик котибиятини бошқарган.

2017-йил октябр ойида Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги элчихонаси маслаҳатчиси – муваққат ишлар вакили этиб тайинланган. 2018-йилда Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланган. Шу билан бир вақтда, шу йилларда Ш. Асадов Ўзбекистон Республикасининг ЙХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар (Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЕ), БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, БМТнинг саноат ривожланиши бўйича Ташкилоти (УНИДО), Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти (ОДВЗЙИ) ҳузуридаги доимий вакили бўлган[1].

2020-йил 9-январдан Шерзод Асадов ЙХҲТ Доимий кенгашининг иқтисодий-экологик қўмитаси раиси лавозимини эгаллаб, Ўзбекистоннинг ЙХҲТ учта қўмитасидан бирини бошқарган биринчи вакилига айланган[2].

2020-йил 19-мартда Шерзод Асадов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланган ҳамда ушбу лавозимда Ўзбекистоннинг БМТ, ЙХҲТ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларига масъул бўлган[3]. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёэв 2021-йил 24-мартда Шерзод Асадовни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби этиб тайинлаган[4].

2023-йил 17-августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Президент Администрацияси раҳбари ва унинг ўринбосарлари лавозимини тугатиш тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Шу муносабат билан Шерзод Асадов Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби лавозимида фаолиятини давом эттирди[5].

2025-йил 14-июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби лавозимига тайинланган[6].

Манбалар