Shibliy
Абу Бакр аш-Шиблий, Абу Бакр Дулаф ибн Жаҳдар (ибн Жаъфар)(861-йил – 946-йил) — бағдодлик сўфий, ал-Жунайд ва ал-Ҳалложнинг энг яқин шогирди ва сафдоши[1].
Ҳаёти
Самаррада туғилган, отаси халифанинг бош ҳожиби, амакиси — Искандарияда амир ул-умаро бўлган. Шиблийнинг ўзи халифа ал-Муваффақнинг ҳожиби вазифасида ишлаган. 40 ёшида Шимолий Эрондаги Дамованд вилояти волийси этиб тайинланган, бироқ тўсатдан бундан воз кечиб, Бағдоднинг машҳур сўфийларидан Хайр ан-Нассож ҳузурида (мажлис) „тавба“ қилиб сўфийликни ихтиёр этган. Дастлабига ҳиссиётга ўта берилувчан характерли Шиблий ал-Ҳаллож тарғиб этган „ўта“ сўфийликка мойиллик билдирган. Бироқ, таъқиб этишлар, сўнгра ал-Ҳалложнинг қатл этилиши уни ўз қарашларини ўзгартиришга мажбур этиб, ал-Жунайд ва тарафдорлари каби эҳтиёткорона мавқени тутишига сабабчи бўлган бўлса керак. Шиблий ал-Ҳаллождан юз ўгириб, уни мумтоз шахслар мулки бўлган „сирлар“ни очганликда қоралаганлиги ҳақида маълумотлар бор. Ал-Ҳаллож қатлидан сўнг Шиблийнинг ҳулқи жуда ғалати бўлиб қолган. Унинг ғалати қилиқлари (қимматбаҳо кийимлари ва мушк анбарларини ёқиб юбориши, ўзини ўзи қийноққа солиши ва бошқа) ҳиссиётга ўта берилувчанлиги уни телба деб ҳисоблашларига олиб келди, шунинг учун бу даврда ғайрификрловчилар ва бид’атга қарши кураш олиб бораётган Бағдод ҳукмрон доиралари унга эътибор бермаганлар. Шиблийни шунингдек, бадавлат хонадонда туғилганлиги ва ўша пайтда шу кураш ташаббускорларидан бўлган моликийлар кутубхонаси 350 мазҳабига мансублиги ҳам кутқариб қолган бўлса керак. Ҳуқуқий ва Қур’он илмларида Шиблий, олимларнинг фикрича, бу соҳадаги энг кучли алломалардан қолишмаган ва ҳатто улардан устун турган. Шиблийга нисбат бериладиган сўфиёна шеърлар бадиий қимматга эга. Унинг таржимаи ҳолига оид парчалар, айтган сўзлари ва шеърларини барча мўтабар сўфийлик рисолаларидан топиш мумкин. Унинг Бағдоддаги қабри сақланган ва бугунги кунда ҳам зиёратгоҳ саналади[2].
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Шиблийга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |