Шимолий денгиз (инглизча: Нортҳ Сеа, франсузча: Мер ду Норд, олмонча: Нордсеэ , нидерландча: Ноордзеэ, норвегча: Нордсжøэн, данча: Nordsøen или Vesterhavet) — Атлантика океанининг чекка денгизи, Европа (Буюк Британия, Франсия, Белгия, Нидерландия, Германия, Дания, Норвегия ва Швеция) қирғоқларига туташ, шарқда Скандинавия ва Ютландия ярим ороллари, ғарбда Буюк Британия, Оркни ва Шетленд ороллари билан ўралган. Болтиқ денгизи билан Дания бўғозлари, Атлантика океани билан ПадеКале ва Ла-Манш бўғозлари орқали боғланган. Майдони 565 минг км². Қирғоқлари шимоли-шарқида фордли, қолган қисми паст, баъзан қумли. Аксари қисмининг чуқурлиги 100 м дан ортиқ, жанубий қисмида саёзликлар бор. Энг чуқур жойи 725 м. Энг йирик ороли — Гелголанд ороли Шимолий денгизга Элба, Везер, Рейн, Темза дарёлари қуйилади. Сувининг температураси февралда 2 — 7°, августда 12—19°. Шўрлиги 31—35%. Декабрдан март ойларигача қирғоқларга яқин қисмида музлар сузиб юради. Тез-тез туман бўлади. Сув кўтарилиши (7,6 м гача) ҳар ярим суткада такрорланади. Шамоллар таъсирида денгиз сув сатҳи 3 м ва ундан ортиқ кўтарилади ва натижада Буюк Британия, Дания, Нидерландия, Белгия соҳилларининг анча қисмини сув босади. Органик дунёси Шимолий Атлантика зоогеографик областига мансуб. Шимолий денгизда ўсимликларнинг 300 дан ортиқ тури учрайди, ҳайвонларнинг 1500 дан зиёд тури яшайди. Балиқ (камбала, треска, пикша, сайра, скумбрия, селд ва бошқалар) овланади. Денгиз тубидан нефт ва табиий газ олинади. Шимолий денгиз орқали Атлантика океанига муҳим денгиз йўллари ўтган. Асосий портлари: Роттердам, Амстердам (Нидерландия), Антверпен (Белгия), Лондон, Иммингем, Халл (Буюк Британия), Гамбург, Бремен, Вилгелмсхафен (ГФР), Гётеборг (Швеция), Осло, Берген (Норвегия).

Шимолий денгиз
Юзаси 750 000 км2
Ўртача чуқурлиги 95 м
Энг катта чуқурлиги 725 м
Сув ҳажми 94 000 км3

Манбалар