Шимолий уруш (1700-21) — Россия (Шимолий Иттифоқ таркибида)нинг Болтиқ денгизига чиқиш учун Швецияга қарши уруши. Нарва остонасидаги мағлубият (1700) дан кейин Пётр И армияни қайта тузди. Болтиқ флотини барпо этди. 1701—04 йилларда рус қўшинлари Фин қўлтиғи соҳилларида мустаҳкамланиб олиб, Дерпт, Нарва ва бошқа истеҳкомларни эгаллади. 1703-йил Санкт-Петербургга асос солинди; у Россия империясининг пойтахтига айланди. 1708-йил Россия ҳудудига бостириб кирган швед қўшинлари Лесная яқинида мағлубиятга учради. Полтава жанги (1709)да Швеция бутунлай тормор этилди ва Карл ХИИ Туркияга қочди. Болтиқ флоти Гангут (1714), Гренгам (1720) ва бошқалар жойларда ғалабага эришди. Ништадт сулҳ шартномаси (1721) бу урушга якун ясади. Унга кўра, Лифляндия (Рига билан бирга), Эстляндия (Ревел, Нарва билан бирга), Карелиянинг бир қисми (Кексголм билан бирга), Ингерманландия (Ижор ери), Эзел ва Даго о.лари Россияга ўтди. Рус қўшинлари томонидан босиб олинган Финландия ерларининг кўп қисми Швецияга қайтарилди. Россия Швецияга 2 млн. ефимка (пул бирлиги) миқдорида товон тўлади, ҳар икки давлат ўртасидаги савдо муносабатлари тикланди.