Шишасимон ҳолат - суюқликлар ёки суюқлантирилган эритмаларнинг совитилганда қовушоқлиги ортиб бориши натижасида қаттиқ жисмлар хоссаларини намоён қиладиган аморф ҳолати. Моддаларнинг суюқ ҳолатдан Шишасимон ҳолатга ўтиши қайтар жараёндир. Кимёвий бирикмаларнинг турли синфларига мансуб моддалар Шишасимон ҳолатда бўлиши мумкин. Шишасимон ҳолатдаги жисмлар шишалар ёки шишасимон моддалар деб аталади. Қатор анорганик моддалар Шишасимон ҳолатда олинган (қаранг Шиша). Шишасимон ҳолатдаги полимерлар: полиакрилатлар, поликарбонатлар, полистирол, метил акрилат билан винил хлорид асосида олинган сополимерлар органик шишаларга мансуб. Шишасимон ҳолат тузилишида узоқ тартибнинг йўклиги билан кристалл ҳолатдан фарқ қилади. Шишасимон ҳолатдаги моддалар тузилишида фақат яқин тартиб (алоҳида тартибли гуруҳлар) мавжуд. Тартибсиз панжарадан иборатлиги сабабли шишасимон моддалар ҳажми бўйича бир жинсли, изотроп, яъни уларнинг хоссалари барча йўналишларда ўлчанганда бир хил бўлади. Шишасимон ҳолат — метастабил (мувозанатда бўлмаган) ҳолат, чунки у кристалл ҳолатдагига нисбатан кўпроқ ички энергия захирасига эга (кристалларда бу энергиянинг бир қисми тартибли кристалл панжара қурилишига сарфланади). Шишасимон ҳолатда модда мўрт, аксари ҳолларда шаффоф бўлади. Кўпгина шишалар — диэлектриклар, баъзилари эса яримўтказгич хоссаларини намоён қилади.


Манбалар