Шодмулк бегим — (? 1411) темурий маликалардан. Халил Султоннинг хотини. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Шодмулк бегим Самарқандда оддий ҳунарманд оиласида туғилган. Халил Султон Шодмулк бегимни севиб қолиб, ўз замонаси таомилига зид равишда унга уйланган. Соҳибқирон вафотидан сўнг тахтга чиққан Халил Султоннинг салтанатни бошқаришида Шодмулк бегим фаол қатнашган. Шодмулк бегимнинг хазина ва салтанат ишларидаги фаолияти айниқса нохуш оқибатларга олиб келган. Шодмулк бегимнинг иродаси билан айрим нолойиқ кишилар юқори лавозимларга тайинланган. Шодмулк бегим Соҳибқироннинг барча бевалари ва канизакларини ҳарбий бошлиқлар ва амалдорларга инъом қилишга Халил Султонни кўндиради. 1411-йил Халил Султон вафот этгач, эридан сўнг яшашни истамаган Шодмулк бегим заҳар ичиб ўлган.

Ад. Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т" 1995.