Шоҳномайи Нусратпаём (Ғалабадан дарак берувчи шоҳ китоб) — номли тарихий асар, муаллифи ХИХ аср тарихчиси Мирзо Қаландар Мушриф Исфарагийдир.


Тарихи

„Шоҳномайи нусратпаём“ асари Қўқон хонлиги тарихи, хусусан, Умархон ҳукмдорлиги тарихига (1810—1822) бағишланган. Фазлий Намангоний „Умарнома“ асарини назмда ёзган бўлса, Мирзо Қаландар Мушриф хон буйруғи билан унга ўзгартиришлар киритиб, насрда ёзган. „Шоҳномайи нусратпаём“нинг Россияда сақланаётган нусхасида, Фазлий асаридан фарқли ўлароқ, Умархоннинг сайидлардан эканини билдирувчи шажара, „Олтин бешик“ воқеаси, Умархон вафоти ва унга ёзилган тарихлар ҳам берилган. Асар тўғрисида илк илмий маълумотни В. А. Ромодин беради. Қўқон хонлиги тарихи тадқиқотчиларидан Рашид Набиев эса, Мушрифнинг ушбу асарини ҳақли равишда ҳозирги вақтгача сақланиб қолган манбалардан энг қадимгиси деб баҳолаган. Н.Терлецкийнинг „Умарнома“ ва „Шоҳномайи нусратпаём“ асарлари тўғрисидаги фикрлари диққатга сазовор. У иккала асар бобларини солиштириб, Мушриф „Умарнома“ни кенгайтириб, воқелик ва саналарни нисбатан аниқ берган, деб хулоса қилган. Шодмон Воҳидов докторлик ишида „Шоҳномайи нусратпаём“ асарини манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этди. „Қўқон хонлиги тарихнавислиги“ номли монографиясида эса, Қўқон тарихшунослари қаторида Мирзо Қаландар Мушриф ва унинг „Шоҳномайи нусратпаём“ асари ҳақида маълумотлар келтирган[1]. Асар форс тилида, 1822-йилда ёзиб тугалланган бўлиб, бугунги кунгача чоп этилган каталогларда унинг уч нусхаси мавжудлиги маълум. Биринчи нусха Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг Санкт-Петербург филиали фондида С 471 рақам остида сақланади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу қўлёзма „Шоҳномайи нусратпаём“ асарининг автограф нусхаси ҳисобланади. Иккинчи ва учинчи нусхалар Тожикистон Республикаси Фанлар академияси қўлёзмалар фондида 1088 ва 1026 рақам билан сақланади. Улардан бири ХИХ аср охирида, иккинчиси эса 1937-йили кўчирилган[2].


Манбалар

  1. ↑ Воҳидов Ш. Қўқон хонлигида тарихнавислик. Тошкент: Академнашр, 2010 — 315-бет. 
  2. ↑ Масъул муҳаррир Ҳабибуллаев Н.Н. Ўзбекистон тарихи (хрестоматия) 3-жилд. Тошкент: Фан ва технология, 2014 — 380-бет.