Шота Руставели ёдгорлиги

Шота Руставели (ХИИ аср) — грузин шоири. Янги грузин тили асосчиси. Биографиясига оид маълумотлар „Йўлбарс терисини ёпинган пахлавон” достони (тахминан 1189-1212 йиллари ёзилган) муқаддимасида учрайди. Шоир Грузияда Тамара (1184—1213) ва унинг эри Давид Сослани хукмронлиги даврида давлат хазиначиси бўлган. „Йўлбарс терисини ёпинган пахлавон” достони жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири. Унда ижтимоий, ахлоқий масалалар адибнинг юксак идеаллари билан қўшиб талқин қилинган. Асарда қаҳрамонлик, чин инсоний муҳаббат, олийҳимматлик, поклик улуғланган, зулмкорлик қораланган. Турли халқ вакиллари — Автандил (араб), Тариэл (ҳинд) образлари орқали халқлар дўстлиги мадҳ этилган. Нестон — Дарижон мисолида эса аёлларга хос ажойиб инсоний фазилатлар умумлаштирилган. Асар қаҳрамонлари бахт ва адолат тантанаси учун курашувчи кишилар бўлиб, уларда ХИИ асрда Грузияда яшаган илғор кишиларнинг энг яхши фазилатлари мужассамлашган. Шоир қўрқоқ ва иккиюзламачи шохларни қоралаган. Аммо инсонпарвар подшо бошчилигидаги ягона, бирлашган, кучли давлат тузилишини орзу қилган.

Шота Руставели жаҳон адабиётида биринчи бўлиб, савдогарлар ҳаётининг реал картинасини чизган ва уни идеаллаштирилган сарой рицарлари ҳаётига қарама-қарши қўйган. Шахс эркинлиги, фикр ва туйғулар эркинлиги мадҳ этилган. Умумбашарий ғояларни биринчи ўринга қўйиб, қаҳрамонлар психологияси, воқеалар моҳиятини чуқур оча билган. Қадимий миллий маданиятни, фолклорнинг энг яхши анъаналарини ўзлаштириб, грузин шеъриятини юқори поғонага кўтарган. Шота Руставелининг поэтик нутқи мажозийлиги, ҳикматларга бойлиги билан ажралиб туради. Асари жаҳон халқлари тилларига, жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган (Миртемир, Шайхзода ҳамкорликда, 1959). Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Шота Руставели номи берилган.[1]

Адабиёт

  • Барамидзе А., Шота Руставели, М, 1966.
  • Иноғомов Р., Грузин адабиётининг қуёши, Т., 1966.
  • Йўлбарс терисини ёпинган пахлавон, Т., 1959.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил