Шотара — кўкнордошларга мансуб бир йиллик бегона ўт. Пояси тик ўсади, сершох, бўйи 10—30 см. Барглари кетма-кет жойлашган, икки марта пацимон ажралган, узун бандли. Гуллари пушти, учлари бинафша рангли шингил тўпгулга йиғилган. Меваси шарсимон бир уруғли ёнғоқча. Илдизи — ўқилдиз. Апрел—июлда гуллаб уруглайди. Майсалари кеч кузда, эрта баҳорда пайдо бўлади. Ўрта Осиёда тарқалган. Бегона ўт сифатида лалми ва суғориладиган дон экинлари орасида, пахта далаларида ўсади. Шунингдек, ташландиқ ерлар, турар жойлар, йўл, ариқ ёқалари, экинзор чеккалари, хиёбонлар, боғ ва узумзорларда учрайди.

Кураш чоралари: анғизни юмшатиш, ерни чуқур ҳайдаш, бегона ўтларни гуллашигача ўриш ва бошқалар.